Zavqiy
Завқий (тахаллуси; асл исм шарифи Убайдулло Солиҳ ўғли) (1853 – Қўқон – 1921) – ўзбек лирик шоири. Қўқондаги „Мадрасаи олий“ ва „Мадрасаи чалпак“да таҳсил олган (1870–1874). Махсидўзлик билан шуғулланган. Маълум муддат мирзалик қилган, Хўжанд, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Ўш, Андижон, Марғилон шаҳарларида бўлган. Тоғаси Муҳаммад Сиддиқ билан Мадинани зиёрат қилган (1900). 1903-йил Қўқонга қайтган. Завқий мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттирган, Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Фурқат, Нодира, Рожий каби намояндалари билан ижодий ҳамкорлик қилган.
| Завқий | |
|---|---|
| Касби | шоир |
Шеърлари
Завқийнинг ғазал, муҳаммас, мувашшахлари („Айлаб келинг“, „Радифи Завқий“ ва бошқалар)да ўзи яшаган муҳит ва тузум, меҳнат ахлининг аҳволи тасвирланган. У турмуш алам-изтироблари, ҳижрон азобига висол умиди, вафодорлик, садоқат туйғуларини қарамақарши қўяди („Юзингни кўрсатиб аввал“, „Бодаи васлинг“ ва бошқалар), кишиларни турмуш гўзалликларидан завқланишга, уни севишга чорлайди. Завқийнинг бир қанча шеърлари („Каждор замона“, „Ажаб замона“, „Абдураҳмон шайтон“ ва бошқалар)да мустамлака тузумидаги ижтимоий тенгсизлик, адолацизлик, чор маъмурияти ҳимоясида бўлган айрим нопок амалдорларнинг кирдикорлари фош этилади. Завқийнинг „Мунча кўп“ радифли ҳамда „Ажаб замондур, аҳбоб, бош қотиб қолди“ мисраси билан бошланувчи муҳаммаслари ХИХ аср бошлари шеъриятидаги энг ўткир ижтимоий асарлари жумласига киради.
Асарлари
Завқий ижодий меросида ўзбек қишлоқларининг аҳволи, деҳқонлар ҳаёти мавзуи ҳам катта ўрин тутади („Янги Қўрғон қишлоғи“, „Сув жанжали“, „Шоҳимардон саёҳати“ ). Бу асарлар Муқимийнинг „Саёҳатнома“си таъсирида ёзилган. Завқий Муқимийнинг ҳажвчилик йўлини давом эттириб, ўзбек адабиётида ҳажвий йўналиш тараққиётига катта ҳисса қўшди („Обид мингбоши ҳақида ҳажв“ ва бошқалар). Завқийнинг „Воқеаи қози сайлов“ (1909–1910), „Қаҳатчилик“ (1916) каби асарларида ижтимоий адолацизлик фош этилади, халқнинг зулмга қарши намойишлари акс эттирилади. „Ажаб эрмас“ радифли муҳаммаси ХХ аср бошлари ўзбек шеъриятида муҳим ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асоратида эзилаётган юртнинг бахтли келажаги ҳақида фикр юритди. Ижтимоий ҳаётдаги айрим носозликлар, кишилар фаолиятидаги салбий ҳоллар устидан бир қатор шеърлари („Таърифи калиш“, „Отим“, „Фонус“, „Сигирим“, „Пашшалар“ ва бошқалар)да заҳарханда билан кулади.
Завқийнинг „Воқеаи қози сайлов“, „Қаҳатчилик“ достонлари ҳам муҳим ижтимоий ҳодисаларни акс эттирувчи достонлардир.
Ғазал ва муҳаммаслари
Шоирнинг ишқий ғазал ва муҳаммаслари ўша даврларданоқ халқ ҳофизлари томонидан куйга солиниб, ижро этилган („Ёр келур замона йўқ, келмаса-келмасун нетай?!“, „Кулбам аро, эй махлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг“ ва бошқалар).
Хотира
Завқийнинг шеърлари турли баёз, мажмуа, вақтли матбуот ҳамда оғзаки манбалар орқали бизгача етиб келган. Қўқон шаҳридаги бир маҳалла, қишлоқ, мактаб ва кўчага Завқий номи берилган.
Илмий адабиётлар
- Раззоқов Ҳ. Завқий. Ҳаёти ва ижоди. Т., 1955.
- Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Т., 1987.