Zayd ibn Amr
| Зайд ибн Амр | |
|---|---|
| Турмуш ўртоғи |
Фотима бинт Бажа Умм Курз Сафия бинт ал-Ҳадрамий |
| Болалари |
Саид ибн Зайд Атиқа бинти Зайд |
| Отаси | Амр ибн Нуфайл |
| Дини | Тавҳид |
Зайд ибн Амр ибн Нуфайл (605-йилда вафот этган) – Исломдан аввал Маккада яшаган монотеизм вакили.
Оиласи
Зайд ибн Амр Қурайш қабиласининг Адий уруғидан Амр ибн Нуфайлнинг ўғли[1]. Онаси аввал Зайднинг бобоси Нуфайл ибн Абдулуззога турмушга чиққан ва бу никоҳдан ўғли ал-Хаттоб ибн Нуфайлни дунёга келтирган. Ал-Хаттоб ибн Нуфайл Зайднинг она томондан ўгай укаси ва ота томонидан амакиси эди[2].
Зайд ибн Амр Хузоа қабиласидан Фотима бинти Бажага уйланган, уларнинг Саид ибн Зайд исмли ўғли бўлган[1]. Ундан кейин Умму Курз Сафия бинти ал-Ҳадрамийга уйланиб, Атиқа исмли қиз фарзандли бўлишган[3].
Эътиқоди
Бутлардан воз кечиши
Ислом тарихчилари Ибн Ис’ҳоқ ва Ибн Саъднинг ёзишича, Зайд ибн Амр арабларнинг анъанавий равишда сиғиниб келадиган бутларидан воз кечиб[2], ўзини Аллоҳга бағишлаган кишилардан бўлган[1].
Зайд яҳудийларнинг ҳам, насронийларнинг ҳам эътиқодлари ҳақида билиш мақсадида Сурияга йўл олади, лекин ҳар икки гуруҳнинг ҳам жавобларидан мамнун бўлмайди. Ал-Хаттобнинг иттифоқчиси Амир ибн Робиянинг айтишича, Зайд ибн Амр келажакда пайғамбар келишига ишонган[1].
Монотеистик эътиқодлари
Анъанавий Ислом манбаларида Зайднинг диний эътиқодига оид уч нуқта қайд этилган. Зайд бутларга сиғинмас эди ва Қурайш аҳлини бу иши учун қаттиқ танбеҳ қиларди[2].
Шунингдек, ўлган ҳайвоннинг гўштини ёки бут учун сўйилган бошқа нарсаларни емасди[2]. У Қурайшга: „Қўйни Аллоҳ таоло яратди, унинг учун осмондан сув туширди, ердан ўт ўстирди. Сиз бўлсангиз қўйни Аллоҳдан бошқага атаб сўясизлар-а?!“, деб танбеҳ берарди[4].
Зайд ибн Амр ёш қизларнинг тириклайин кўмилишига қарши бўлган. У тирик ҳолида кўмилиш арафасида турган гўдак қизларни қутқариб, уларни ўз уйида тарбиялаган. Қизлар вояга етгач, оталарига қизларини қайтариб олиш ёки уларни Зайд ҳисобидан боқиш учун қолдиришни таклиф қилган[1].
Қурайшнинг Зайдга муносабати
Зайд ибн Амрнинг рафиқаси Сафия унинг Сурияга саёҳатини ёқтирмасди. Қачонки Зайд сафарга тайёрланаётганини кўрса, бу ҳақида ал-Хаттобга хабар қиларди ва эрини динларини тарк этгани учун ҳақорат қиларди. Зайд Хаттобнинг олдида ўзини оқлаб ўтирмасди, лекин хотинига уни камситишга урингани учун танбеҳ берарди[2].
Шу сабабли ал-Хаттоб Зайдни шу қадар қаттиқ таъқиб қилдики, Зайд шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди. У умрининг сўнгги йилларини Макка атрофидаги тоғ ғорларида ўтказди. Кейин ал-Хаттоб Қурайш йигитларига Зайднинг шаҳарга бошқа кирмаслигини таъминлашни буюрди. Зайд Маккага яширинча кирмоқчи бўлганида Хаттобнинг одамлари уни шаҳардан ҳайдаб чиқардилар[2][5].
Саёҳати ва ўлими
Маккада қолишнинг иложи йўқлигини билган Зайд Ҳижозни тарк этиб, Ироқнинг шимолий қисми Мосулгача, у ердан жануби-ғарбий Сурияга йўл олди. У бутун сафарларида роҳиблар ва раввинлардан пайғамбар Иброҳимнинг дини ҳақида сўрар эди. Бир куни Зайд Сурияда бир роҳибни учратади, роҳиб унга у излаётган дин энди йўқлигини, лекин Худо ўзи қолдирган қавмидан бир пайғамбар юборадиган вақт яқинлашиб қолганини айтади.
Бу гапни эшитган Зайд кутилаётган пайғамбар билан учрашиш ниятида ортга – Маккага йўл олади. У Суриянинг жанубий чегарасидаги Лахм ҳудудидан ўтаётганида бир гуруҳ кўчманчи араблар томонидан ҳужумга учрайди ва Маккага етиб улгурмасдан вафот этади. Исломий манбаларида айтилишича, Зайд ибн Амр сўнгги бора нафас олишидан олдин кўзларини осмонга тикиб:
„Эй Роббим, агар мени бу яхшиликка эришишимдан тўсган бўлсанг, ўғлимни ундан қайтарма“.
Унинг ўғли Саид ибн Зайд Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлардан бири ва ҳадисга кўра жаннат ваъда қилинган ўн нафар кишилардан эди.
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 Муҳаммад ибн Саад. Китаб ал-Табақат ал-Кабир вол. 3. Транслатед бй Беwлей, А. (2013). Тҳе Cомпанионс оф Бадр. Лондон: Та-Ҳа Публишерс.
- ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 2,5 Муҳаммад ибн Ишақ. Сират Расул Аллаҳ. Транслатед бй Гуиллауме, А. (1955). Тҳе Лифе оф Муҳаммад. Охфорд: Охфорд Университй Пресс.
- ↑ Муҳаммад ибн Саад. Китаб ал-Табақат ал-Кабир. Транслатед бй Беwлей, А. (1995). Тҳе Wомен оф Мадина. Лондон: Та-Ҳа Публишерс.
- ↑ Букҳари 5:58:169.
- ↑ Гуиллауме, А. (1960). Неw Лигҳт он тҳе Лифе оф Муҳамммад, п. 27. Манчестер: Манчестер Университй Пресс.