Зайниддинбобо, Шайх Зайниддин бобо Кўҳи Орифон Тошкандий (1164—1259, Тошкент) – шайх. Отаси Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий Бағдоднинг катта мутасаввифларидан бўлган, сухравардия тариқатини яратган. Ўғли Зайниддинни Шош (Тошкент)га юборган. Зайниддинбобо ҳозирги Кўкча даҳасида ҳаёт кечирган ва тасаввуф илми билан шуғулланган. Тарихий манбаларда Зайниддинбобо „саййидларнинг улуғи ва шариф кишиларнинг кароматлиси ва буюги“, „орифларнинг қутби ва ишончли раҳнамоси“ деб таърифланади. Амир Темур 1391—1392 ва 1402–йиллар Зайниддинбобо мақбарасини зиёрат қилган ва таъмир эттирган. Зайниддинбобо авлодлари „Шайх Зайниддин бува“ қабристони деб аталувчи зиёратгоҳ маскан яқинида яшаб келади. Шоир Ҳислат, академик Жорулла Файзуллаев, ёзувчи Нажиббуло Ҳабибуллаев, навоийшунос олим Ҳамид Сулаймон ва бошқалар ушбу шажара вакилларидир. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил