Зикр (арабча: ذِكْر‎‎ – эслаш, ёдга олиш) – тасаввуфда худони ёдга олиш билан боғлиқ „само“ маросими ва шу маросимда ижро этиладиган мусиқий шеърий туркум.

Тарихи

Мусулмонлар орасида Х—ХИ асрларда шаклланган. Илоҳиётчилар Аллоҳни ёдга олиш зарурлигини Қуръоннинг „Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур“ (13:28) деган кўрсатмаси билан боғлайдилар. Зикрнинг асосий фалсафиестетик мақсади важд (экстаз), яъни инсоннинг мусиқа, шеър ва рақс воситасида олий Ҳақиқат (Тангри) билан ҳиссий-руҳий бирлашиб, уйғунлашиб кетишидир. Турли хил тасаввуф тариқатларида зикрнинг хилма-хил кўринишлари ишлатилади. Масалан, Туркистонда энг кўп тарқалган нақшбандия тариқатида „Зикри жаҳрий“ („Ошкора, катта зикир“ ёки „Хонакрйи“ деб ҳам аталади), „Зикри хафий“ („Яширин, кичик зикир“, тор доирада ижро этилган), „Зикри ададий“ („Санокли зикр“), „Зикри аллония“ („Эълонли зикр“), „Зикри дил“ каби турлари қўлланилган. Жалолиддин Румий асос солган мавлавия тариқатида зикр маросимига мусиқий асбоблар ва рақслар кенг жалб қилина бошланган.

Нақшбандия тариқатида „Зикри жаҳрий“ туркумининг асосий қисмлари усулларнинг зарбларига кўра, „Якзарб“, „Дузарб“, „Сезарб“, „Чорзарб“ деб аталган. Асосий қисмларнинг ўзгартирилган кўринишлари „Чопқин“ деб юритилган. Зикрнинг бошланиши, асосий қисмлар оралиғи ва туркум якунида Қуръон суралари речитатив (нутқдош) услубида куйланади. Туркумнинг қисмлари куй-оҳанг, усул-ритмик тузилмалари Шарқ халқлари мусиқа мероси, хусусан, ўзбек ашула жанрига таъсир кўрсатган. Зикр мавлуд ва бошқа диний маросимларнинг таркибий қисмига айланган. Ўзбекистон композиторларидан Икром Акбаров („Шоир хотирасига“ поэма), А. Козловский („Улуғбек“ операси) ва бошқа зикр усул-оҳангларидан фойдаланишган[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Зикр“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (З-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Ҳаволалар