Зиммий — (арабча: бировнинг зиммасидаги шахс), аҳли зимма- ислом давлати соясида яшайдиган ғайридинлар. Улар дини, жони, моли ва бошқа соҳаларининг тинч-омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлганлардир. Улар билан аҳднома тузилганда мусулмонлар ана ўша нарсалар ила уларни таъминлашни ўз зиммаларига олганлар. Пайғамбар (с.а.в) даврларида Мадинаи Мунавварада яҳудийлар мусулмонлар билан аҳднома асосида аҳли зимма бўлиб тинч-омон ўз динларига амал қилиб яшаганлар. Абу Бакр Сиддиқ (р.а)нинг даврларида ҳам ана ўша сиёсат давом этди. Умар ибн Ҳаттоб (р.а)нинг Байтул Мақдис насороларига берган аҳдлари ва улар билан қилган муомалалари исломда Зиммийларга бўлган муносабатнинг намунасидир. У киши Жобияда турганларида ҳузурларига Илия ахли келиб омонлик сўрашди. Улар билан жизя бериш ҳақидаги сулҳ тузилди ва қуйидаги аҳднома ёзилди: „Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ушбу Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар Илия аҳлига берган омонликдир. У уларнинг жонларига, молларига, черковларига, хочларига, беморларига ва соғларига ҳамда барча миллатига омонлик берди. Уларнинг черковлари маскан қилинмайди, бузилмайди ва черковлар, улардаги нарсалар, хочлар ҳамда уларнинг мол-у мулкларидан бирор нарса камситилмайди. Улардан бирор кишига зарар етказшмайди. Илияда улар билан бирга бирорта ҳам яҳудий маскан тутмайди. Аҳли Илия зиммасида худди аҳли Мадоин бергандек жизя бериш бордир. Румларни (византияликларни) ва ўғриларни чиқариш уларнинг зиммасидадир. У ердан ким чиқса, то омонлик ерига етиб олгунича жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади. Улардан ким муқим қолса, у ҳам омондадир. Унинг зиммасига ҳам аҳли Илияга бўлган жизя лозим бўлади. Аҳли Илиядан ким жони ва моли ила Румлар билан кетишни ва ибодатхона ҳамда хочларини қолдиришни истаса, улар омонлик жойларига етиб олгунларича ўзларига ҳам, ибодатхона ҳамда хочларига ҳам омонлик бор. У ерда ер аҳлидан ким бўлган бўлса, улардан ким қолишни истаса қолаверади. У аҳли Илия ўтаган жизяни ўтайди. Ким истаса, аҳли Рум билан кетаверади. Ким истаса, аҳлига қайтиб келаверади. Ҳосилларини йиғиб олмагунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Қачон улар ўз зиммаларидаги жизяни берсалар, ушбу мактубдага нарсаларда Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг зиммаси, халифаларнинг зиммаси ва мўминларнинг зиммаси бор“. Ушбу аҳдномани Илиянинг аъёнларига олиб боришганида улар чексиз куюндилар. Бунчалик кенгликлар ва ҳимоялар бўлиши уларнинг етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган эди. Бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ олдин ёзилган ушбу ҳужжатда Ислом давлатининг ғайридин кишиларга қандоқ муносабатда бўлиши кўриниб турибди. Улар тўлиқ эркинлик, ҳақ-ҳуқуқлари билан таъминланган бўлиши ҳам яққол кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам ўша пайтларда кўпгина ғайридин халқлар ва жамоалар ўз диндошлари ҳукмидан кўра мусулмонларнинг ҳукмини афзал кўрганлар. Бунга мисоллар кўп. Буни инсофли ғайридин боҳислар китоб қилиб ёзганлар. Ана ўша нарсани ҳозиргача биров қила олгани йўқ. Ҳозирги, хорижий Шарқдаги мусулмон мамлакатларида Зиммий ҳақидаги тасаввур борган сари йўқолиб бормоқда, қайси динда эканидан қати’ий назар барча фуқаролар умумий қонунга итоат этадилар.

Адабиётлар

  • ИСЛОМ ЭНСИКЛОПЕДИЙАСИ „Ўзбекистон миллий энциклопедияси“

Давлат илмий нашриёти, 2004