Зиё Самадий (1914.15.4, Толдиқўрғон вилояти, Панфилов қишлоғи) — уйғур ёзувчиси, давлат ва жамоат арбоби, замонавий уйғур адабиёти асосчиларидан. Қозоғистон халқ ёзувчиси (1986). Шарқий Туркистонда яшаган (1931—60). Гоминдан ҳукуматига қарши озодлик курашида қатнашган, қамалган (1937—44). ХХР Шинжон (Синсзян) уйғур мухтор республикаси маданият ишлари вазири, ёзувчилар уюшмаси раиси (1950—57). 1957 йил Хитой Компартияси раҳбарларининг сиёсатига қарши чиққани учун ҳамма лавозимлардан бўшатилган ва Қурла вилоятига оғир жисмоний меҳнат жабҳасига юборилган. 1961 йил Қозоғистонга қайтган. Шеърлари 1934 йилдан „Или газети“ да босилган. Песалари („Қонли доғ“, 1934; „Хитой зиндонларида“, 1947; „Лошмон“, 1950; „Зулмга завол“, 1952), тарихий романлари („Мойимхон“, 1965; „Йиллар сири“, тўрт китобдан иборат, 1967—96; „Ғани ботир“, 1979; „Аҳмад афанди“, 1977) да уйғур халқининг миллий озодлик кураши ўз ифодасини топган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Мойимхон, Т., 1972; Йиллар сири, роман, Т., 1986.