Зука ар-Румий (арабча: ذوكه الرومي‎‎) (919-йил 11-августда вафот этган) – византиялик юнон[1], 915–919-йилларда Аббосийлар халифалигининг Миср вилояти ҳокими сифатида хизмат қилган.

У 915-йилда Аббосийлар бош қўмондони Му’нис ал-Музаффар Мисрда вазиятни барқарорлаштириш ва Искандарияни эгаллаб олган Фотимийлар босқинини тўхтатиш мақсадида Зукани Миср ҳокими этиб тайинлади. Зука ўша пайтда Ҳалабда эди ва август ойининг охирида Мисрга етиб келиб, Такин ал-Хазарийнинг ўрнини эгаллади[1]. Фотимийларнинг Мисрни эгаллашга бўлган дастлабки уринишлари Му’ниснинг аралашуви туфайли муваффақияцизликка учради. Бироқ орадан кўп ўтмай, улар иккинчи юриш учун тайёргарлик кўра бошлади ва 917-йилда 18 ойлик қамал натижасида Барқани эгаллаб олишди[1]. Фотимийларнинг Мисрда тарафдорлари борлиги аён эди, чунки ИХ аср бошларидан бери мисрликлар Бағдоддаги бошқарув тизимидан норози бўлиб келаётган эди. Зука Фотимийлар ҳукмдори ал-Маҳдий биллоҳ ва унинг ўғли ал-Қоим билан алоқада бўлган бир нечта кишини қатл эттиришга мажбур бўлди[2].

Барқанинг вайрон қилинишидан сўнг Зука Искандария гарнизонини мустаҳкамлашга ҳаракат қилган бўлса-да, 919-йил июл ойида Фотимийларнинг қўшини кутилмаганда етиб келиб, уни ҳайртада қолдирди. Шаҳар ҳокими Зуканинг ўғли Музаффар ўзининг ёрдамчилари ва кўплаб шаҳар аҳоли билан бирга шаҳардан қочиб кетди, натижада ҳудуд талон-тарож қилинди[1]. Янги босқинга қарши туриш бўйича Зуканинг ҳаракатларига Фустатдаги маҳаллий гарнизон аскарларининг урушишга бўлган иштиёқсизлиги ва хоҳиши йўқлиги жиддий тўсқинлик қилди. Бу ҳолат маош кечикишлари натижасида янада оғирлашган эди. Шу сабабли Зука дастлаб кўнгиллилар кучига таянишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, у тезда ҳаракатга ўтиб, Фустат қаршисидаги Нил дарёси бўйидаги Гиза ҳудудини мустаҳкамлаш мақсадида у ерда қал’а қурдиришга киришди. Кўп ўтмай, Миср учун тайинланган янги молиявий бошқарувчи ал-Ҳусайн ал-Мазораъий қўшин аскарларининг кечиктирилган маошларни тўлаш мақсадида етарлича маблағ билан келди[1].

Зука 1-августда вафот этди ва унинг ўрнига илгари шу лавозимда хизмат қилган Такин қайта тайинланди[1]. У январ ойида ҳудудга етиб келиб ҳокимлик лавозимини расман қабул қилди. Кейинги йилда эса бош қўмондон Му’нис ал-Музаффарнинг аралашуви Фустатни яна бир бор рақиб кучларидан қутқариб қолди ва Фотимийлар қўшинини мамлакатдан ҳайдаб чиқарди[1].

Манбалар

Адабиётлар