Абрам Калонтаров (Авроми Қалам; ибронийча: אַיבראַם קאַלאָנטאַראָװ‎; 1865, Самарқанд, Бухоро амирлиги — 1951, Самарқанд, Ўзбекистон ССР, СССР) — келиб чиқиши бухоро яҳудийларидан бўлган самарқандлик савдогар, биринчи гилдия савдогари, Россия империяси давлат думаси депутати (1907), Москвадаги Рус-Осиё банки таъсисчиларидан бири ва бошқарув ҳайъати аъзоси.

Абрам Калонтаров
ибронийча: אַיבראַם קאַלאָנטאַראָװ‎
Файл:Абрам Калонтаров.пнг
Таваллуди 1865-йил
Вафоти 1951-йил
Самарқанд, Ўзбекистон ССР, СССР
Фуқаролиги Бухоро амирлиги
Россия империяси
СССР
Касби тадбиркорлик
Дини яҳудийлик
Турмуш ўртоғи Хана Калонтарова
Болалари қизлари: Яфа (Ева), Ривко, Соро (Сара)
ўғли: Михаил (Миша)
Отаси Исак Калонтаров
Онаси Эстер Калонтарова
Қариндошлари ота томондан бобоси:
Моше Калонтар

Таржимаи ҳоли

Абрам Калонтаров 1865-йил Самарқанд шаҳрида Исак ва Эстер Калонтаровлар оиласида туғилган. Абрамнинг бобоси Моше Калонтар Самарқандда „Маҳаллаи яҳудиён“ деб ном олган бухоро яҳудийлари даҳасига асос солгани билан ном қозонган. Абрам 8 ёшлигида отаси Исак вафот этган. Абрам, унинг укаси Якуб ва синглиси Мирямни бобоси Моше Калонтар тарбиялаган[1].

Абрам ва укаси савдогар бўлиб етишишган. Улар Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарларидан ташқари бир қатор Европа мамлакатлари билан ҳам савдо-сотиқ қилишган. Калонтаровлар Ўрта Осиёдан пахта ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини Россия ва Европа бозорларига чиқариб, у ердан галантерея (атторлик) моллари, Ўрта Осиёда харидоргир бўлган саноат маҳсулотларини олиб келишган[1].

Абрам Калонтаров ўз оиласи билан саёҳатларга кўп чиққан, Санкт-Петербур, Москва, Берлин ва Ервопанинг бошқа шаҳарларидаги меҳмонхоналарда шахсий хоналарига эга бўлган. Катта қизи Яфа Самарқандда, ўртанча қизи Ривко Берлинда, кичик қизи Соро Самарқандда, ўғли Михаил Москвада туғилган[1].

Калонтаров 1907-йил Россия давлат думаси депутати этиб сайланган. 1910-йил Москвадаги Рус-Осиё банки асос солинишида таъсисчи ва бошқарув ҳайъати аъзоси сифатида ўрин тутган. Россия империяси давлат банкига киритган сармоялари эвазига биринчи гилдия савдогари ҳисобланган[1].

1917-йилги шўролар инқилобидан кейин мамлакатда вазият ўзгариб, ўз ихтиёри билан мол-мулкини давлат ҳисобига ўтказиб бермаган бойларни ҳибсга олиш ишлари бошланади. 1920-йилларда Абрам Калонтаров бор мол-мулкини ўз ихтиёри билан давлат ҳисобига хатлаб беради, ўзи ижарада яшайди, шўролар ҳукумати эса Калонтаров ва унинг оиласига ҳимоя ёрлиғи топширади[1][2].

1930-йилда Абрам Калонтаров ва ўғли Михаил ҳибсга олиниб, Тошкентга олиб кетилади. Калонтаровнинг танишлари Давлат сиёсий бошқармаси ходимларига ҳимоя ёрлиғини кўрсатиш орқали Абрам ва Михаил Калонтаровларни қамоқдан олиб қоладилар[1].

Калонтаровнинг Самарқанддаги уйи

Абрам Калонтаровнинг турли шаҳарларда уйлари кўп бўлган. У Самарқандда 1910–1916-йилларда қурдирган уй ҳозирда давлат ҳимоясидаги музей ҳисобланади. Бу уй австриялик меъмор Отто Нелле лойиҳаси асосида, германиялик ва самарқандлик усталар иштирокида қурилган бўлиб, Россия императори Николай ИИнинг Самарқандга ташрифига атаб қурдирилган. Яъни император Самарқандга келса, Калонтаров уни шу уйда меҳмон қилмоқчи бўлган. Аммо Биринчи жаҳон уруши ва мамлакат ичидаги инқилобий ҳаракатлар туфайли император Ўрта Осиёга ташрифини бекор қилган[1][2].

Самарқанд шаҳри Ўзбекистон ССР пойтахти бўлган 1925–1930-йилларда бу уй давлат идораларига тегишли бўлган, кейинчалик у ер Маданият уйига айлантирилган. Уйдан 1934-йилдан тарих ва маданият музейи сифатида фойдаланилган, 1981-йилдан ҳозиргача Самарқанд вилоят ўлкашунослик музейи сифатида фойдаланилмоқда[2].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 1,4 1,5 1,6 Бадалов, Иосиф (6–12-май 2011-йил). "Его имя бессмертно. К 60-летию со дня смерти Абрама Калонтарова". Тҳе Букҳариан Тимес ИХ (482): 54. ҳттпс://сдеҳудим.филес.wордпресс.cом/2011/07/бт-482_букҳариантимес_опт.пдф. Қаралди: 9-октабр 2023-йил. 
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 „Самаркандская резиденция российского императора“ (русча). Самтур.уз. Самаркандский туристический и информационный портал (2018-йил 21-декабр). 2021-йил 8-октябрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 10-октабр 2023-йил.