Абу-д-Даҳдоҳ (арабча: أبو الدحداح‎‎ — Абу-д-Даҳдоҳ ал-Ансорий) — саҳоба.

Абу-д-Даҳдоҳ ал-Ансорий
Шахсий маълумотлар
Дини Ислом
Танилган соҳаси саҳоба

Манбаларда исми Абу-д-Даҳдоҳа ибн Даҳдоҳа бўлгани ҳам айтилади. Ҳаёти ҳақида маълумотлар кўп эмас. Абдуллоҳ ибн Мас’уднинг маълум қилишича, „Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи унга берганини кўп марта кўпайтириб берса“[1] ояти нозил бўлганида Абу-д-Даҳдоҳ Пайғамбарнинг олдига келиб: „Эй Расулуллоҳ (с.а.в.)! Аллоҳ биздан қарз сўрайдими?“, деб сўрайди. „Ҳа“, деган жавобни олганида Пайғамбарнинг қўлини тутиб, савобини фақатгина Аллоҳдан кутган ҳолда, 600 туп хурмо дарахти бўлган боғини Аллоҳга қарз сифатида берганини айтади. Сўнг боғига бориб, у ерда бўлган оиласига боғни Аллоҳга қарз сифатида берганини айтиб, боғдан чиқиш кераклигини сўрайди. Ушбу воқеадан сўнг Пайғамбар: „Абу-д-Даҳдоҳ учун жаннатда кўплаб хурмо дарахтлари ўсмоқда“, — дейди.

Абу-д-Даҳдоҳнинг мазкур хурмо боғини Пайғамбар ундан қарз сифатида сўрагани ёки бошқа сабаблар билан Аллоҳ йўлига атагани ҳам ривоят қилинади.

Абу-д-Даҳдоҳнинг қачон вафот этгани маълум эмас. Ўлими вақтида Пайғамба унинг насли ва ворислари ҳақида билишга ансорлардан Осим ибн Адийни тайинлайди. Абу-д-Даҳдоҳнинг насли ҳақида маълумот топилмаганидан сўнг, мерос синглисининг ўғли Абу Лубоба ал-Ансорийга берилган. Уҳуд ғазотида Пайғамбарнинг шаҳид этилгани ҳақидаги хабар тарқаганида Абу-д-Даҳдоҳнинг: „Муҳаммад (с.а.в.) вафот этган бўлсалар, Аллоҳ тирикдир, у ҳаргиз ўлмас“, дея мусулмонларга далда бергани, ўзи жангда Холид ибн Валид томонидан шаҳид этилгани ҳам нақл қилинади.

Қузоа қабиласининг Балий уруғидан бўлган Абу-д-Даҳдоҳ ёки Абу-д-Даҳдоҳа Собит ибн Даҳдоҳ ва Абу-д-Даҳдоҳ ал-Ансорий орасида хурмо боғларини Аллоҳ йўлида ҳиба қилиб Пайғамбар дуосини олгани, ансорларнинг ҳимоясида бўлгани, Расулуллоҳ ҳаёт бўлганида вафот этгани ва меросхўрлари топилмагани каби хусусларда ўхшашлик бўлгани кузатилади. Ҳадисларда Абу-д-Даҳдоҳ, Абу-д-Даҳдоҳа ёки Ибн ад-Даҳдоҳ кунялари билан зикр қилинган бу икки саҳоба, табақот китобларида икки бошқа-бошқа шахс сифатида кўрсатилса-да, битта шахс бўлганлари ёки куняларининг ўхшашлиги сабабли бир-бирлари билан адаштирилганлари эҳтимолга яқин[2].

Адабиётлар

  1. Муснад. ИИИ, 146; В, 90, 95, 99;
  2. Ад-Доримий. „Фарāиз“. 27, 38;
  3. Муслим. „Жанāиз“. 89;
  4. Абу Довуд. „Жанāиз“. 44;
  5. Ан-Насоий. „Жанāиз“. 95;
  6. Ал-Воқидий. Ал-Мағāзӣ. ИИ, 281; ИИИ, 505;
  7. Ибн Абдулбар. Ал-Истӣ’āб. ИВ, 61;
  8. Ибн ал-Асир. Усд ал-ғāба. И, 267; ВИ, 96-97;
  9. Ал-Қуртубий. Ал-Жāми’. — Байрут: 1408/1988. ИИИ, 155-156;
  10. Ибн Ҳажар. Ал-Исāба. И, 191; ИВ, 59;
  11. Аш-Шавконий. Дарр ас-саҳāба. 422-423;
  12. Кöксал. İслâм Тариҳи (Медине). ИИИ, 173-174;
  13. Раşит Кüçüк. „Эбü’д-Даҳдâҳ“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 309-310.

Манбалар

  1. ↑ Қуръони карим „Бақара“ сураси, 245-оят. 
  2. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.