Абу Кабша (арабча: أبو کبشة‎‎ — Абу Кабша Сулайм) — Пайғамбар озод қилган қул.

Абу Кабша Сулайм
Шахсий маълумотлар
Вафоти милодий 634-йил (ҳижрий 13-йил)
Дини Ислом
Танилган соҳаси Пайғамбар озод қилган қул

Абу Кабша асли форс бўлиб, Макка ёки Давс қабиласининг араблашган уруғидан. Исмининг Авс ёки Салама бўлгани ҳам ривоят қилинган. Пайғамбар сотиб олиб озод қилган ўттизга яқин қуллардан бири бўлган Абу Кабшанинг нима сабабдан қул бўлгани номаълум.

Жанглардаги иштироки

Абу Кабша Мадинага ҳижрат қилганида, аввал Қубодаги уйида Расулуллоҳни бир неча кун меҳмон қилган Мадина ашрофларидан Кулсум ибн Ҳидмнинг уйи­да қолади. Пайғамбар билан бирга Бадр, Уҳуд ва бошқа ғазотларда қатнаш­ган. Ибн Ҳишомнинг берган маълумотига кўра, Бадр ғазотида мусулмонларнинг фақатгина етмишта туяси бўлгани сабабли Ҳамза билан Зайд ибн Ҳориса ва Абу Кабша билан Пайғамбар озод этган асли ҳабаш қул Анаса (Унайса) битта туя­га навбат билан минганлар.

Вафоти

Абу Кабшанинг ҳадис ривоят этгани манбаларда зикр қилинмаган. У Умар халифа этиб сайланган кун (13-ҳижрий йил, 22 жумодул-охир, милодий 634-йил, 23-август) вафот этган.

Бошқа кишилар билан адаштирилиши

Саҳобалар орасида Абу Кабша ал-Анморий ал-Мазҳижий исмли шахс бўлиб, унинг Расулуллоҳ билан Абу Бакрдан ривоятда бўлгани зикр қилинган. Ибн Абдулбар бу икки шахсни бир-бири билан адаштириб юборгани сабабли Абу Кабша ал-Анморийнинг ровийларини Абу Кабшанинг ровийлари сифатида кўрсатган. Тобеъин муҳаддислар орасида ҳам Абу Кабша куняси билан танилган икки киши бор. Улардан бири Абу-д-Дардо, Савбон ва Абдуллоҳ ибн Амр каби саҳобалардан ҳадис ривоят қилган Абу Кабша ас-Салулий, иккинчиси эса, Абу Мусо ал-Аш’арийдан ривоятда бўлган Абу Каб­ша ас-Садусий ал-Басрийлардир. Буларнинг Абу Кабша билан боғлиқлиги йўқ.

Пайғамбарни эмизган оналари Ҳалиманинг эри ва она томонидан бобосининг кунялари ҳам Абу Кабша бўлган. Қурайшлик мушриклар Расулуллоҳни бутпараст араблардан фарқли эътиқодга эга бўлган ҳамда юлдузга ибодат қилган Абу Кабша ал-Хузоийга ўхшатганлари боис, Ибн Абу Кабша дер эдилар[1].

Адабиётлар

  1. Ибн Ҳишом. Ас-Сӣра. ИИ, 122, 264, 334;
  2. Ибн Саъд. Ат-Табақāт. ИИИ, 49;
  3. Ибн ал-Асир. Усд ал-ғāба. ИИ, 448; ВИ, 261-262;
  4. Ибн Ҳиббон. Ас-Сиқāт. ИИ, 159-160;
  5. Ибн Ҳажар. Таҳзӣб ат-таҳзӣб. ХИИ, 209;
  6. Ал-Омирий. Баҳжа ал-махāфил ва буғя ал-амāсил. — Қоҳира: 1330-31. ИИ, 150;
  7. Али Ярдıм. „Эбû Кебşэ“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 176.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.