АФОРИСТИКА - адабий ижоднинг бир тури, муайян ҳаётий тажрибага асосланган ибратга молик умумлашма фикрни ихчам бадиий шаклда ( антитеза , параллелизм , қиёс , парадокс ва шу каби услубий воситалар ёрдамида) ифодалаш. Афористика воқеаликнинг индивидуал -хусусий томонларига кўз юмган холда умумий, типик томонларга эътибор қаратади: унинг асосида тасвирлаш ёки ҳис-туйғуларни ифодалаш мақсади эмас, муайян ҳукм-хулосани баён қилиш мақсади ётади. Яъни афористика образ билан эмас, фикр билан иш кўради. Айни чоғда, у илм эмас. Афористикадаги фикр илмий тафаккурдан фарқ қилади: илмий фикр муайян объектнинг атрофлича таҳлили асосида олинса, афористик фикр муаллифнинг шахсий (маънавий, руҳий, сиёсий, маиший ва ҳоказо) тажрибасига таянади; илмий фикрнинг тўғрилиги далиллар силсиласи билан исботланса, афористик фикр объектив ҳақиқатлик даъвосини қилолмайди, чунки унинг тўғрилиги исбот қилинмайди, ҳис этилади. Агар Афористикани адабий ижод тури сифатида тушунилса, унинг жанр кўринишлари деб халқ оғзаки ижоди даги мақол , ёзма адабиётдаги гнома , хрия , сентенсия , апофтегма , максима кабиларни кўрсатиш мумкин.

Адабиёт

  • Адабиёцҳунослик луг’ати. Д. Қуронов, З. Мамажонов, М. Шералиева Тошкент- 2013.