Akrom Boboxonov
Акром Бобохонов (1936-йил, Денов, Сурхондарё вилояти, Ўзбекистон ССР) – ўзбек ва совет агрономи, бир қанча илмий ишлар муаллифи[1]. 1974-йил СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан „Ҳурмат Белгиси“ ордени билан мукофотланган. „Термиз-7“ ғўза нави муаллифи. СССРда хизмат кўрсатган кашфиётчи (1985).
| Акром Бобохонов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1936-йил |
| Фуқаролиги |
|
| Касби | агроном |
| Унвони | СССРда хизмат кўрсатган кашфиётчи |
| Мукофотлари | „Ҳурмат Белгиси“ ордени |
Ҳаёти
Акром Бобохонов 1936-йил Ўзбекистон ССР таркибидаги Сурхондарё вилоятининг Денов раёнида туғилган. Ўрта мактабни ўзи яшаган қишлоқдаги мактабни тамомлагач, Шаҳрисабз шаҳридаги қишлоқ хўжалиги техникумининг агрономлик факултетига ўқишга қабул қилинади. 1956-йили техникумни қизил диплом билан тамомлайди.Шу йили, олий таълимни олиш учун Самарқандга йўл олади ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг агрономлик факултетига қабул қилинган. 1961-йили олийгоҳни аъло баҳолар билан тамомлаб, Сурхондарё области қишлоқ хўжалиги бошқармасига ишга киради. Бошқармада ишлаган пайтлари Ангор раёнига Карл Маркс тажрибасини оммалаштириш бўйича ишга юборилади.
Фаолияти
1962-йилда Ангор раёни партия комитетида „Коммунизм“ фермер хўжалигига бош агроном вазифасида иш бошлади. Бош агроном сифатида ишлаган йиллари фермер хўжалиги Сурхондарё области бўйича етакчи ўринни қайд этган. 1963-йилдан 1964-йилгача Шўрчи раёни қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш бошқармасида кичик агроном сифатида фаолият олиб борди. 1964-йили Тошкент шаҳридаги СССР пахтачилик илмий-текшириш институтига аспирантура таълим босқичига муваффақиятли қабул қилинган ва ушбу олийгоҳни 1967-йил тамомлаган. Аспирантурани тамомлаш пайти, „Ўзбекистоннинг жанубий шароитида ингичка толали ғўзани дефолиация қилиш ва машинада териш“ мавзусида илмий иш қилган. Ушбу илмий иши муваффақиятли деб топилиб, Термиз шаҳридаги област пахтачилик стансиясида амалиётга татбиқ этилган. 1969-йил 3-мартда Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида ҳам худди шу мавзуда илмий диссертациясини ҳимоя қилди. 1967-йилдан 1970-йилгача Сурхондарё области пахтачилик илмий стансиясида катта илмий ходим лавозимида ишлади. 1968-йили Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (КПСС)га аъзо бўлади. 1970-йили „Хазорбоғ“ фермер хўжалигига бош агроном этиб тайинланган. 1975-йилда Сурхондарё области партия комитетига қарашли „В.Қодиров“ номли фермер хўжалиги раҳбари этиб тайинланган. 1981-йилдан 1985-йилгача Термиз шаҳридаги област тажриба стансиясида раҳбар этиб тайинланиб, ипак пахта етиштириш бўйича илмий изланишлар олиб борди. 1985-йилда катта илмий ходим даражасига эришди.
Илмий ишлари
Акром Бобохоновнинг илмий ишлари „Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги“, „Земледелие“, „Механизация хлопководство“ каби нуфузли журналларда эълон қилинган. Ғўзанинг „Термиз – 7“ номли навини кашф этган.
Мукофотлари
Илмий ишлари ва фаолияти учун Владимир Ленин таваллудининг 100 йиллига бағишлаб ишлаб чиқилган медал билан тақдирланган. Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг қарорига мувофиқ, „Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги“ журналининг 50 йиллигига атаб жорий этилган фахрий ёрлиқ билан тақдирланган. 1974-йил СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан „Ҳурмат Белгиси“ ордени билан мукофотланган. 2 маротаба СССР халқ хўжалигининг бронза медали билан мукофотланган. 1985-йилда „СССРда хизмат кўрсатган кашфиётчи“ унвонига эга бўлди.
Манбалар
- ↑ Б.Қодиров. Сурхондарёлик олимлар. Тошкент, О'зССР: "Меҳнат" нашриёти, 1990-йил — 76-бет.