Al-Funaydiq jangi
Ал-Фунайдиқ жанги 1060-йил 30-августда Носир уд-Давла Ибн Ҳамдан бошлиқ Фотимийлар халифалиги қўшинлари ва Ҳалабни эгаллашни мақсад қилган Бану Килабнинг муртад етакчиси, Мирдосий Маҳмуд ибн Наср қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган. Жанг Фотимийлар учун йирик мағлубият билан якунланди, чунки сулоланинг бадавий иттифоқчилари томонларини ўзгартиргач, Ибн Ҳамдан ва унинг аксарият қўмондонлари асир олинди. Жанг натижасида Ҳалабнинг Маҳмуд ибн Насрга таслим бўлиши Фотимийларнинг шаҳар устидан ҳукмронлигига бутунлай барҳам берди.
| Ал-Фунайдиқ жанги | |||||||
|---|---|---|---|---|---|---|---|
| Фотимийлар — Мирдасийлар урушларининг бир қисми | |||||||
| |||||||
| Рақиблар | |||||||
| Фотимийлар халифалиги Бану Калб Бану Тайй |
Бану Килаб (Мирдосийлар) Ҳалаб аҳдаси | ||||||
| Қўмондонлар | |||||||
| Носир уд-Давла Ибн Ҳамдан (ПОW) | Маҳмуд ибн Наср | ||||||
| Кучлар | |||||||
| тах. 15000 отлиқ | тах. 2000 отлиқ | ||||||
| Йўқотишлар | |||||||
| Жуда катта | Номаълум | ||||||
Келиб чиқиши

Шимолий Суриядаги Ҳалаб амирлиги Фотимийлар халифалигининг дастлабки босқинларини бошлаб берган халифа ал-Азиз (ҳ. 975–996) давридан бошлаб халифаликнинг асосий нишонига айланган эди. Ҳамдоний ҳукмдорлар ва шаҳарни ўз вассали деб даъво қилган Византия империяси билан бир қатор қарама-қаршиликлардан сўнг, 1001-йилда Ҳалабни Фотимийлар ва Византияга қарам бўлган буфер давлат сифатида тан олган ўзаро мақбул модус вивенди натижасида доимий тинчликка эришилган эди[1]. Бу келишув икки томонга ҳам кейинги йилларда ўз номзодларини жойлаштириш имконини берди. Вазият ҳар икки кучни бир-бирига қарши гиж-гижлашга интилиб, ўз манфаатларини кўзлаган бадавийларнинг Мирдосийлар бошлиқ Бану Килаб қабиласи таъсири кучайиши билан янада мураккаблашди. Шундай қилиб, 1017—1024-йилларда Фотимийлар шаҳарни бевосита бошқарган бўлса, ундан сўнг, Мирдосийлар ҳукмронлиги ўрнатилди. Сулола ҳукмронлиги 1038-—1042-йиллар оралиғида узилиб қолди. Бу даврда шаҳар Фотимийлар қўшининг Суриядаги бош қўмондони Ануштакин ад-Дизбарий қўл остида бўлган[2][3]. 1048 ва 1050-йилларда Фотимийлар ҳужумларини мувафаққиятли қайтарган амир Муизз уд-Давла Тимал (ҳ. 1042–1057, 1061–1062) ҳам Қоҳира, ҳам Константинопол эътирофига эришишга муваффақ бўлиб, икки томонга ўлпон тўлашни йўлга қўйди[4][5].
Тимал ҳукмронлигига ўзининг Килабий қабиладошлари қарши чиқавергач[6], 1057-йил январда Ҳалабни Фотимийлар ноиби Ибн Мулҳимга топширишга рози бўлди. Бунинг эвазига Жубайл, Байрут ва Акко порт шаҳарларини қўлга киритди[7]. 1060-йил январда ал-Басасирийнинг Фотимийлар қўлловидаги Бағдодни эгаллаш ва Аббосийлар халифалигига барҳам беришга уриниши мағлубият билан якунланди[8]. Бу воқеанинг Сурияга таъсири катта бўлди. У ерда Фотимийларнинг обрўси пасайиб кетди. Тимал топширган ва юришнинг таянч нуқтаси бўлган Раҳба шаҳри Тималнинг укаси Атийя қўлига ўтди. Атийя шаҳарни эгаллаб, у ердаги барча хазина ва қурол-яроғ заҳирасини қўлга киритди[6]. Шу билан бирга, Килаб Ҳалаб назоратини қўлга киритиш учун ўз номзоди Маҳмудни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Маҳмуд Тималнинг жияни ва собиқ амир Шибл уд-Давла Насрнинг (ҳ. 1029–1038) ўғли эди. Маҳмуд амакиваччаси Моний ибн Муқаллад билан биргаликда 1060-йил июн ойида шаҳарга ҳужум бошлади. Бироқ етти кунлик самарасиз жангдан сўнг, чекинишга мажбур бўлди[9]. Аммо Ибн Мулҳимдан шаҳар лашкари (аҳдас) қўшимча ҳақ талаб қилди. Фотимийлар ноиби талабни рад этгач, аҳдас қўзғолон кўтариб, шаҳар дарвозаларини Маҳмудга очиб берди. Ибн Мулҳим эса Ҳалаб қалъасини бошпана қилиб олди[10].
Жанг
Ибн Мулҳим дарҳол Қоҳирага одам юбориб, ёрдам сўради. Дамашқ ноиби, 1048-йилда мувафаққияциз ҳужумга бошчилик қилган Фотимийлар қўмондонининг ўғли[11] Носир уд-Давла Абу Али ал-Ҳусайнга қўзғолонни бостириш вазифаси юклатилди. Дастлаб Ҳомс, Баълабак, кейин эса Апамеяга етиб борди. Килаб ва Бану Хафажа бадавийлари дастлаб у билан учрашиш учун йўлга чиқдилар. Бироқ Атийянинг воситачилиги натижасида тарқалиб, шимолга, Қиннасрин томонга чекиндилар[12]. Носир уд-Давла Апамеяда эканида назарий жиҳатдан ҳали ҳам Фотимийлар иттифоқчиси бўлган Килабни ўзига қўшилишга ундади. Маълумотларга кўра, Носир уд-Давла Ҳалабга юриш қилишдан олдин ўз олдига келганларнинг содиқлигини таъминлаш мақсадида кетма-кет қирқ марта он ичтиришган. Бироқ Сармин шаҳрига етганда, Килаб қабиласи Фотимийлар қўшинини тарк этиб, қабиланинг қолган аъзолари тўпланаётган шарқ томонга йўл олган[13].
Шу орада, 7-август куни Ҳалаб аҳдасларининг аксарияти шаҳарни тарк этиб, тўпланаётган Килаб қабиласига қўшилиш учун йўлга чиқди. Ибн Мулҳим бербер аскарлари талон-тарож қилган қуйи шаҳарни қайтариб олди. Кетмаган ва асир тушган қирқтача аҳдас қатл этилди. Уларнинг жасадлари оммага намойиш қилиш учун шаҳар чорраҳаларида осиб қўйилди[13]. Шаҳарни ва қаердан нима қидиришни яхши билган Ибн Мулҳимнинг одамлари у ерни шунчалик талон-тарож қилдиларки, бир неча кундан сўнг етиб келган Носир уд-Давла шаҳарни талон-тарож қилмоқчи бўлганида, унга бу иши бефойда экани айтилган. Ҳалаб аҳолисидан Маҳмудни ҳайдаб юборгани учун 50 000 олтин динор миқдорида маблағ ундирмоқчи бўлди. Бироқ Фотимийлар қўшини Маҳмуд кучларига қарши жанг қилиш учун жўнаб кетгунга қадар ҳам бу мақсадига эриша олмади[13].
ХИИИ асрда яшаган Ҳалаб тарихчиси Ибн ал-Адимнинг ёзишича, Носир уд-Давла қўл остида 15 минг отлиқ аскар бўлган. Улар орасида нафақат Фотимийларнинг мунтазам қўшинлари, балки Бану Калб ва Бану Тайй қабилаларига мансуб бадавий иттифоқчилар ҳам бор эди. Маҳмуд эса атиги 2 000 отлиқдан иборат қўшинга эга эди. Икки қўшин 1060-йил 30-августда Телл Султондаги ал-Фунайдиқ деган жойда тўқнашди. Жангда Фотимийлар қўшини тор-мор қилинди. Ташналикдан қийналаётган қўшинни бадавий иттифоқчилар тарк этди. Носир уд-Давла ва кўплаб қўмондонлар қўлга олинган жангчилари қаторида асир тушдилар. Бир нечта аскарлар кийимларини ечиб, қочишга муваффақ бўлишди[14].
Оқибати
Жангда иштирок этмаган Атийя эртаси куниёқ Ҳалабда пайдо бўлди. Ибн Мулҳим унга қуйи шаҳарни топшрииб, яна қалъага чекинишга мажбур бўлди. Шу куни тунда Маҳмуд ўз одамлари билан шаҳар олдига етиб келди. Атийя қочиб кетди. Ёрдам келишидан умид узган Ибн Мулҳим 9-сентябрда таслим бўлди. Маҳмуднинг ўғли ва Килабий қабила бошлиқлари оиласидан яна уч ўғил Апамеяга гаров сифатида юборилганидан сўнг, Ибн Мулҳим қалъани тарк этди. Килаб қабиласи уни Апамеяга эсон-омон кузатиб қўйгач, гаровга олинганлар билан Ҳалабга қайтди[15]. Ҳалабнинг қўлдан кетиши Фотимийлар ва Тимал ўртасидаги келишувни ҳам бекор қилди. Бу ҳақда халифа ал-Мустансир (ҳ. 1036–1094) Тималга хабар берди. Шундан сўнг, Тимал шаҳарга қайтишни истаган, бироқ Маҳмуд амакисига шаҳарни топширишдан боиш тортгач, Мирдосийлар ўртасида яна биз низо келиб чиқди[16]. Фотимийларнинг қўллаб-қувватлашига умид қилган Маҳмуд Носир уд-Давла ва ал-Фунайдиқда қўлга олинган бошқа қўмондонларни озод қилди[17]. Можаро Килаб қабиласи оқсоқолларининг воситачилиги билан ҳал қилинди. Тимал Ҳалабга қайтди, Маҳмуд эса пул мукофоти билан тақдирланди. Шу орада ҳамон Раҳбани бошқараётган Атийя ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилди[18]. 1062-йилда Тимал вафот этгач, тахт учун яна кураш бошланди. Кураш 1065-йилда Ҳалаб амирлигининг Маҳмуд ва Атийя ўртасида амалда бўлиниши билан якунланди[18].
Ал-Фунайдиқ жангидаги мағлубият Фотимийларнинг Ҳалаб ва Сурия шимоли устидан тўғридан-тўғри ҳукмронлик қилиш амбицияларига узил-кесил нуқта қўйди[18]. Бироқ аҳолисининг аксар қисми шиалар бўлган[19] шаҳар Фотимий халифаларига содиқликни сақлаб қолди. Жума хутбасига ҳам халифа номини қўшишда давом этдилар[15]. Бу ҳолат 1070-йилгача давом этиб, шундан сўнг Сажуқийлар империяси босими остида сунний Аббосийлар халифалиги тан олинди[20].
Манбалар
- ↑ Ҳалм 2003, сс. 153, 155–157, 161–164, 269–270.
- ↑ Ҳалм 2003, сс. 270–273, 332–350, 359–362.
- ↑ Бианқуис 1993, сс. 116–119.
- ↑ Ҳалм 2003, сс. 359–362.
- ↑ Бианқуис 1993, сс. 118–119.
- ↑ 6,0 6,1 Бианқуис 1993, с. 119.
- ↑ Бианқуис 1989, с. 565.
- ↑ Ҳалм 2003, сс. 383–395.
- ↑ Бианқуис 1989, сс. 568–569.
- ↑ Бианқуис 1989, с. 569.
- ↑ Бианқуис 1993, сс. 118, 120.
- ↑ Бианқуис 1989, сс. 569–570.
- ↑ 13,0 13,1 13,2 Бианқуис 1989, с. 570.
- ↑ Бианқуис 1989, сс. 570–571.
- ↑ 15,0 15,1 Бианқуис 1989, с. 571.
- ↑ Бианқуис 1989, сс. 571–573.
- ↑ Бианқуис 1989, с. 573.
- ↑ 18,0 18,1 18,2 Бианқуис 1993, с. 120.
- ↑ Ҳалм 2003, с. 418.
- ↑ Бианқуис 1989, сс. 590–592.
Адабиётлар
- Бианқуис, Тҳиэррй. Дамас эт ла Сйриэ соус ла доминатион фатимиде (359-468/969-1076). Деухиèме томе (Френч). Прессес де л’Ифпо, 1989. ДОИ:10.4000/боокс.ифпо.6458. ИСБН 978-2-35159-526-8.
- Бианқуис, Тҳиэррй (1993). "Мирдāс, Банū ор Мирдāсидс". ин Босwортҳ, C. Э.. Энcйcлопаэдиа оф Ислам. Волуме ВИИ: Миф–Наз (2нд нашри). Леиден: Э. Ж. Брилл. 115–123 б. дои:10.1163/1573-3912_ислам_СИМ_5220. ИСБН 978-90-04-09419-2. ҳттпс://референcеwоркс.бриллонлине.cом/сеарч?с.қ=Мирд%C4%81с%2C+Бан%C5%АБ+ор+Мирд%C4%81сидс&с.ф.с2_парент=с.ф.боок.энcйcлопаэдиа-оф-ислам-2&сеарч-го=Сеарч.