Al-Hasan ibn Qahtaba
Ал-Ҳасан ибн Қаҳтаба ибн Шабиб ат-Тоий (арабча: الحَسَن بن قَحْطَبَة بن شبيب الطائي) Аббосийлар халифалигининг илк даврларида юқори даражали ҳарбий лавозимини эгаллаган.
Биографияси
Ал-Ҳасан Умавийлар халифалигини ҳокимиятдан қулатган Аббосийлар инқилоби раҳбари Абу Муслим билан бирга ҳаракат қилган Қаҳтаба ибн Шабиб ат-Тоийнинг ўғли бўлган. Ҳасан акаси Ҳумайд билан бирга инқилобдан олдинги йилларда Хуросондаги Аббосийлар тарғиботида фаол бўлиб, нақиб ўринбосари лавозимида ишлаган[1]. Инқилоб даврида отаси билан биргаликда Аббосийлар қўшинларини Хуросондан Ироққа бошлаб кирган юришда асосий қўмондонлардан бири бўлган. Наср ибн Сайёрни та’қиб қилишда ва Ниҳаванд жангидаги ғалабада иштирок этган. Гарчи отаси умавийлар ноиби Язид ибн Умар ал-Фазарийга қарши жангда ҳалок бўлган бўлса-да, Ҳасан Хуросон қўшинини Куфага бошлаб кирган[2][3].
Инқилобдан сўнг, Ҳасан бўлажак халифа ал-Мансур (ҳ. 754–775) Арминиядаги ноиби вазифасини бажариб, ҳудудни тинчлантиришга ҳисса қўшди. Шунингдек, 754-йилда Сурияда Абдуллоҳ ибн Али бошчилигидаги исёнга қарши Мансур томонида туриб, халифага содиқлигини намоён этди[1][3]. Шундан сўнг, ба’зан Византия империяси чегараси ноиблигига тайинланиб, ҳудудда 766, 779 ҳамда 780-йилларда Кичик Осиёга қарши ёзги ҳарбий юришларни бошқарди[1][4]. Ҳасан, эҳтимол, Византия манбаларида Мучесиас (Μουχεσίας) номи билан тилга олинган бўлиши мумкин. Айни шу манбаларга кўра, халифа ал-Маҳдий (ҳ. 775–785) буйруғи билан Мучесиас Суриядаги насронийларни таъқиб қилиш ва уларни мажбуран бошқа динга ўтказиш билан шуғулланган[4].
Аббосийлар тузумининг Хуросондаги юқори табақаси бўлмиш абна ад-давланинг нуфузли а’зоси[1] ва янги қурилган пойтахт Бағдоднинг бир қисмини ин’ом сифатида олган ҳамда бошқа кўплаб Аббосий қўмондонлари сингари жуда бой бўлишига қарамай, Ҳасан саройда деярли ҳеч қандай сиёсий обрўга эга бўлмаган[3]. Ал-Ҳасан 797-йилда 84 ёшида вафот этган[1][3].
Ал-Ҳасаннинг ўғиллари Муҳаммад, Али ва Саид ҳам турли вилоятларда ноиблик лавозимларида ишлаган. Тўртинчи фитна даврида уларнинг барчаси ал-Маъмунга қарши ал-Амин томонида туришган[1][5]. Кўплаб эски Аббосий оилалари каби улар ҳам фуқаролар урушида ал-Ма’мун ғалаба қозонгандан сўнг, бойликларини сақлаб қолган бўлсалар-да, ҳокимиятларини йўқотдилар[5].
Манбалар
Адабиётлар
- Cроне, Патриcиа. Славес он Ҳорсес: Тҳе Эволутион оф тҳе Исламиc Политй. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1980. ИСБН 0-521-52940-9.
- Кеннедй, Ҳугҳ. Тҳе Эарлй Аббасид Cалипҳате: А Политиcал Ҳисторй. Тайлор & Франcис, 1986. ИСБН 0-7099-3115-8.
- Лилиэ, Ралпҳ-Жоҳаннес; Лудwиг, Cлаудиа; Працч, Тҳомас; Зиэлке, Беате (2000). "ал-Ḥасан ибн Қаḥṭаба (#2542)" (Герман). Просопограпҳиэ дер миттелбйзантинисчен Зеит: 1. Абтеилунг (641–867), Банд 2: Георгиос (# 2183) – Леон (# 4270). Берлин анд Бостон: Де Груйтер. п. 120. ИСБН 978-3-11-016672-9. ҳттпс://боокс.гоогле.cом/боокс?ид=Жлб93энПпКwC.
- Зарринкуб, Абд ал-Ҳусаин „Тҳе Араб cонқуэст оф Иран анд иц афтерматҳ Cамбридге Ҳисторй оф Иран“, . Тҳе Cамбридге Ҳисторй оф Иран, Волуме 4: Фром тҳе Араб Инвасион то тҳе Салжуқс. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1975 — 1–56-бет. ИСБН 0-521-20093-8.