An-Naqa masjidi
Ан-Нақа масжиди ёки Нага масжиди (арабча: الجامع الناقة таржимаси:[урғочи] туя масжиди) Ливиянинг Триполи шаҳридаги тарихий масжиддир.
| Масжид | |
| Масжиднинг ён томони | |
| Мамлакат | |
| Шаҳар | Триполи |
| Координаталар | 32°53′43″Н 13°10′44″Э / 32.89536°Н 13.17885°Э |
| Йўналиши | сунний |
| Масжид тури | Жомеъ-Масжид |
| Меъморий услуб | Ислом меъморчилиги |
| Асосчи | Ал-Муъизз ли-диниллаҳ |
Асосий сана:
| |
| Гумбазлар сони | 42 та |
| Гумбазлар сони | 42 та |
| Миноралар сони | 1 та |
| Миноралар сони | 1 та |
| Қурилиш материаллари | гранит, мармар |
| Ҳолати | амалдаги |
| Таровиҳ | |
| Саҳарлик ва ифторлик | |
Тарихи
Масжид тарихи яхши ҳужжатлаштирилмаган ва у қачон бунёд этилгани ёки унинг кўплаб таъмирлаш ишлари қачон бўлиб ўтгани ҳақида тўлиқ маълумот мавжуд эмас[1][2]. У Триполидаги исломий даврга оид энг қадимги ёдгорлик бўлиши мумкин, деб ҳисобланилади[3][2]. Эҳтимол, у дастлаб 973-йилда Фотимийлар халифаси ал-Му’изз буйруғи билан қурилган. Ал-Му’изз шу даврда Фотимийлар саройини Ифриқиядан Мисрга кўчириш сафари чоғида шаҳарда бўлган[3][4].
Масжид билан боғлиқ, унинг номини (ан-Нақаҳ, яъни „урғочи туя“) изоҳлашга даъво қилувчи икки ўхшаш апокриф ривоят мавжуд. Улардан бирида айтилишича, Амр ибн ал-Ос 7-асрда Шимолий Африканинг мусулмонлар томонидан забт этилиши вақтида Триполини эгаллаганида, шаҳар аҳли унга афв беришини сўраб, бойликлар ортилган урғочи туя ҳадя қилган. У бу совғани рад этиб, унинг эвазига шу маблағ ҳисобидан ушбу масжидни қуришни буюрган[2]. Бошқа ривоятга кўра эса, шаҳарликлар уни саховат билан кутиб олгани эвазига олтин ортилган урғочи туяни Фотимий халифаси ал-Му’изз ҳадя қилган. Сўнгра халқ шу олтин ҳисобидан масжид қурилишини молиялаштирган[2].
Масжид 16-асрда Испаниянинг Триполини босиб олиши даврида қаттиқ шикастланган ёки вайрон қилинган[4]. Ёзувда қайд этилишича, у 1610–1611-йилларда (ҳижрий 1019-йил)[1] Усмонийлар даври ҳокими Сафар Дей томонидан қайта қурилган[4].
Меъморий тузилиши
Масжиднинг режаси бироз нотекис бўлиб, бу унинг тарихи давомида бир неча бор ўзгартирилганини кўрсатади[3]. Режа тахминан тўғри тўртбурчак шаклда: жануби-шарқий девор (қибла ёки намоз йўналишига мос) узунлиги 44.24 м (145.1 фт), шимоли-шарқий девор узунлиги 19.35 м (63.5 фт), жануби-ғарбий девор тахминан 20.3 м (67 фт), шимоли-ғарбий девор эса тахминан 39.4 м (129 фт)[2]. Масжид пол сатҳи ҳозирги шаҳар кўчаларининг сатҳидан 0.4 м (1 фт 4 ин) пастда жойлашган[2]. Бино тахминан квадрат шаклли ички ҳовли (саҳн) қисми ҳамда устунли (гипостил) намозхонадан иборат[2][1].
Намозхона қибла (жануби-шарқ) деворига параллел йўналган етти қатор йўлакка устунлар қаторлари билан бўлинган. Бу қисмдаги қибла деворининг узунлиги 20.1 м (66 фт), ушбу қисмнинг шимоли-ғарбий ва шимоли-шарқий деворлари эса ҳар бири 18.1 м (59 фт)ни ташкил этади[2]. Залдаги 36 та устун орасида қайта ишлатилган римликлар ва византияликларга оид мармар ҳамда гранит устунлар, шунингдек римча капителлар мавжуд[1][2]. Залдаги шимоли-ғарбий чеккадаги бироз кичикроқ йўлакдан ташқари (у гумбазсимон қоплама билан ёпилган), залнинг ҳар бир йўлаги 7 тадан гумбаз билан ёпилган бўлиб, жами 42 та гумбазни ташкил этади[2].
Масжиднинг меҳроби тахминан қибла деворининг ўртасида жойлашган. Кейинги таъмирлаш ишлари чоғида қибла йўналишини тўғрилаш мақсадида у масжиднинг қолган қисмига нисбатан бироз шарқроққа бурилган. Меҳроб гул тасвири ҳамда шаҳодат калимаси („Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир.“) ёзилган арабча битик билан безатилган. Бугун унинг ёнида ёғоч минбар туради. Унинг ортидаги равоқли токчада эскироқ минбарнинг бир қисми бўлган бўлиши мумкин бўлган тош мавжуд[2].

Масжид ҳовлиси тўрт томондан устунларга таянган ёпиқ айвон (галерея) билан ўралган. Қибла томонида галерея икки йўлак чуқурлигида, бошқа томонларда эса фақат битта йўлакдан иборат бўлиб, ҳар бирининг эни тахминан 3 м (9.8 фт)[2]. Жануби-ғарбий ва шимоли-ғарбий томондаги икки галереянинг томи сўнгги таъмирлашларга оид ясси том бўлса, қолган иккитаси хочсимон гумбазсимон қопламалар билан ёпилган[2].
Масжид ташқарисига бириктирилган минора 5.6 м2 (60 кв фт), асосли кубсимон минорадир[2].
Яна қаранг
Манбалар
- ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 Блоом, Жонатҳан М.. Арчитеcтуре оф тҳе Исламиc Wест: Нортҳ Африcа анд тҳе Ибериан Пенинсула, 700-1800 (эн). Яле Университй Пресс, 2020 — 218–219-бет. ИСБН 9780300218701.
- ↑ 2,00 2,01 2,02 2,03 2,04 2,05 2,06 2,07 2,08 2,09 2,10 2,11 2,12 2,13 Wарфелли, Муҳаммад „Тҳе Олд Cитй оф Триполи“, . Соме Исламиc Ситес ин Либя: Триполи, Аждабияҳ анд Ужлаҳ, Арт анд Арчеологй Ресеарч Паперс (эн). Департмент оф Антиқуитиэс, Триполи, 1976 — 5–7-бет.
- ↑ 3,0 3,1 3,2 Петерсен, Андреw „Либия (Либян Араб Пеопле'с Соcиалист Стате)“, . Диcтионарй оф Исламиc Арчитеcтуре (эн). Роутледге, 1996 — 165–166-бет. ИСБН 9781134613663.
- ↑ 4,0 4,1 4,2 Миcара, Лудовиcо „Тҳе Оттоман Триполи: А Медитерранеан Медина“, . Тҳе Cитй ин тҳе Исламиc Wорлд (эн). Брилл, 2008 — 390, 403-бет. ИСБН 978-90-474-4265-3.
Ҳаволалар
Викиомборда „Ан-Нақа масжиди“ мавзуси бўйича медиафайллар бор.