Anaerobioz
Анаэробиоз (юнонча. ан — инкор қўшимчаси, аер — ҳаво ва биос — ҳаёт) — организмларнинг эркин кислород бўлмаган муҳитда ҳаёт кечира олиши. А. тушунчасини 1861-йилда Л. Пастер ки-ритган. Ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган энергияни анорганик (масалан, нитратлар ва сулфатлар) ёки органик моддалар (мас, углеводлар)ни парчалаб оладиган анаэроб организмлар учун А. одатдаги яшаш муҳитидир. Тез ўсадиган эмбрион ҳужайралари ва ўсмалар ҳужайраларида анаэроб жараёнлар соғлом организмнинг нормал ҳужайраларидагига нисбатан кучлироқ кечади. А.нинг биологик мазмуни шундан иборатки, анаэроблар ҳавосиз, яъни аэроблар яшай олмайдиган муҳитдаги органик субстратлардан фойдаланиш қобилиятига эга (қаранг Аэробиоз). Табиий субстратлар, яъни тупроқ, сув ва бошқаларда ҳамиша маълум миқдорда ҳаво бўлади. Шунга кўра, анаэроб организмлар ҳаво кислородининг оксидловчилик таъсиридан ҳимояланишга ҳаракат қилади. Улар кислородни нейтралловчи моддалар ажратади. Ғоваклари ҳаво билан тўлган юмшоқ тупроқларда анаэроблар ривожланадиган айрим жойлар — микрозоналар бўлиши мумкин. Уларга ёнма-ён жойлашган аэроблар кислородни ўзлаштириб ва редуксияловчи (тикловчи) модда ажратиб, анаэроблар учун шароит яратади. Масалан, бедапоя чимқирқар икки ярусли плуг билан чуқур (40 см) қилиб ҳайдалганда, беданинг асосий илдиз массаси ва бошқа қолдиқлари тупроқнинг анаэробли қатламига кўмилиб, у ерда органик моддаларнинг минералланиш жараёни боради. Бу жараён туфайли тупроқ микрофлорасининг ҳаёт фаолияти ва чиринди тўпланиши учун энг қулай шароит вужудга келади, тупроқ унумдорлиги узоқ, муддат сақланиб туради. Тупроқни бундай ишлаш тизими экин ҳосилини анча оширади. Анаэроб жараёнларнинг кечиши (бижғиш, чириш) табиатда моддалар айланишига катта аҳамиятга эга. Рустам Шодмонов.
Адабиётлар
- ЎзМЕ.
Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |