Асад уд-Давла Абу Дҳуаба Атийя ибн Солиҳ (арабча: عطية بن صالح بن مرداس‎‎; 1073-йил июлда вафот этган) 1062—1065-йилларда Ҳалабнинг мирдасий амири бўлган. Ҳалабда амир бўлишидан олдин 1060-йилдан бошлаб ар-Раҳбанинг мирдасий амири бўлган эди. Ҳалабни жияни Муҳмуд ибн Насрга бой берганидан сўнг, ар-Раҳба ва Мирдасийлар мулкининг шарқий қисмида амирлик қила бошлади. 1070-йилда ар-Раҳбани ҳам бой берди. Шундан сўнг, Византия ҳимоясига кириб, Константинополда вафот этишидан бироз аввал Маҳмуднинг ҳудудларига қарши мувафаққияциз ҳужум уюштирди.

Атийя ибн Солиҳ
Ҳалаб амири
Салтанат 1062-йил охири — 1065-йил август
Ўтмишдоши Тҳимал ибн Солиҳ
Давомчиси Маҳмуд ибн Наср
Вафоти 1073-йил июл
Константинопол
Фарзандлари Номаълум
Тўлиқ номи
Абу Дҳуаба Атийя ибн Солиҳ ибн Мирдас
Шоҳлик исми
Асад уд-Давла
Қабила Бану Килаб
Сулола Мисрдасийлар
Отаси Солиҳ ибн Мирдас
Онаси Таруд

Оиласи

Атийя 1024-йил Ҳалабда туғилган. Ҳалабда мирдасийлар ҳукмронлигини ўрнатган Солиҳ ибн Мирдас ва унинг хотини Таруднинг ўғли бўлган[1][2]. Манбаларда онасининг гўзаллиги келтирилган[1]. Солиҳ ва Тарус иккаласи ҳам ХИ асрда шимолий Сурия ва ғарбий Жазира ҳудудларида ҳукмронлик қилган Бану Килоб араб қабиласига мансуб бўлган[1]. 1014-йилда Ҳалаб амири Мансур ибн Лулу Солиҳни қамоқда сақлаб турган вақтда хотини билан ажрашишга мажбур қилган, чунки Тарудга ўзи уйланмоқчи бўлган[2]. Солиҳ кейинроқ Мансурни мағлуб этиб, Тарудга қайта уйланган[2]. Атийя бу воқеалардан олдин ёки кейин туғилгани маълум эмас[3]. Тарихчи Суҳайл Заккарнинг сўзларига кўра, унинг Атийя („Совға“) исми Солиҳ ва Таруд қайта никоҳланганидан кейин туғилганини кўрсатади[3]. Атийянинг укалари Наср ва Тҳимал бошқа онадан туғилган.

Ар-Раҳба амири

1029-йилда Солиҳ вафот этгач, Наср ва Тҳимал биргаликда Ҳалаб амири лавозимини эгалладилар. 1030-йилга келиб, Наср шаҳар устидан мутлақ ҳокимиятни қўлга киритди. Тҳимал эса Ғарбий Жазира ҳудудидаги Фурот дарёси бўйида жойлашган ар-Раҳба қалъасига жўнатилди[1]. 1038-йилда Наср вафот этгач, Фотимийлар халифалигининг Суриядаги ноиби Ануштакин ад-Дизбарий Ҳалабни забт этиб, Мирдасийлар амирлигини тўлиқ ўз тасарруфига олишга киришди. Шу йўлда Балис ва Манбижни қўлга киритди, бироқ ар-Раҳбани эгаллай олмади[1]. Ад-Дизбарий 1042-йил Ҳалабда вафот этгач, Тҳимал Ҳалабни қайта эгаллади[1]. Фотимийлар билан иттифоқ тузиб, ар-Раҳбар назоратини Фотимийлар генерали Арслон ал-Басасирийга топширди. Бундан мақсад Арслон ал-Басасирий учун Аббосийлар назоратидаги Ироқ ҳудудига бостириб киришда таянч нуқта яратиб бериш мақсади кўзланган эди[1]. 1060-йилда ал-Басасирий мағлуб бўлиб, ўлдирилгач, ғарбий Жазирадаги Фотимийлар таъсирига зарба берилди. Шу вақтда Атийя ар-Раҳбани эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, шаҳарда ал-Басасирий Аббосийларга қарши кураш учун сақлаган хазина ва қуролларга ҳам эга бўлди[1]. Атийя ар-Раҳбадан олдин Балисни ҳам эгаллаган эди[4].

Атийя ар-Раҳбани босиб олган вақтда, Тҳимал Ҳалаб устидан назоратни Фотимийларга топширган эди. Бунинг эвазига Акко, Байрут, Жубайл каби қирғоқбўйи ҳудудлари ҳокимлиги лавозимини қўлга киритган[1]. Бану Килоб мирдасийларнинг Ҳалабга қайтишини қатъий талаб қилиб, Атийянинг жияни Маҳмуд ибн Насрга шаҳарни қайта қўлга киритиш вазифасини топширди[1]. Ҳалаб аҳдаси (шаҳар милицияси) 1060-йил июл ойида Бану Килобга шаҳарга киришга рухсат берди. Бироқ Фотимийлар қўшини қалъани ўз назорати остида сақлаб қолиб, Бану Килобни шаҳардан чиқариш учун Фотимийлар аскарлари жўнатилди[5]. Фотимийлар қўшини 1060-йил август ойида мағлуб этилиб, Атийя шаҳарни ўз назоратига олди[6]. Икки кундан кейин назорат Маҳмуд қўлига ўтди[6].

Фотимийларнинг Ҳалабни қўлдан бой бериши оқибатида Тҳимал қирғоқбўйи ҳудудларидан маҳрум бўлиб, жияни Маҳмуддан Ҳалабни тортиб олишга интилди[6]. Тҳимал 1061-йилда жияни билан жиянининг онаси ас-Саййид ал-Алавийя ҳамда Бану Килоб қабиласи шайхлари воситачилигида келишиб, ўз ҳокимиятини қайта тиклашга эришди[6]. Шу орада Атийя ар-Раҳба амирлиги мустақиллигини қўлга киритди[6].

Ҳалаб амири

Тҳимал кутилмаган қадам ташлаб, ўз ворислигига Бану Килоб шайхлари ва Бану Нумайр қабиласига она томондан алоқадор бўлган Маҳмудни эмас, балки Атийяни танлади[6]. 1062-йил охирида Тҳимал вафот этгач, Атийя билан Маҳмуд ўртасида ворислик учун кураш бошланди[6]. 1063-йил июл ойида икки томон ўзаро жанг олиб борди. Бироқ улардан ҳеч бири ҳал қилувчи устунликка эриша олмади[6]. Атийя Ҳалаб шаҳрини ва амирликнинг шарқий қисмини назорат қилиш ҳуқуқини берувчи сулҳ тузди. Бу ҳудуд жануби-шарқда ар-Раҳбадан шимоли-ғарбда Қиннасрингача ва шимолда Азазгача чўзилган эди[6]. Маҳмудга амирликнинг ғарбий қисми берилди[6].

Атийя Мирдасийлар амирлиги бўлинишини рад этиб, Маҳмуд ҳамда унинг тарафдорларига қарши курашиш ва кўпроқ ён беришларга эришиш мақсадида шаҳзода Ибн Хон бошлиқ минг нафар туркман камончисини ёрдамга чақирди[6]. Турк қул аскарлардан фарқли ўлароқ, бу воқеа Суриянинг шимолига туркманларнинг эркин қўшинлари кириб келишининг дастлабки қайд этилган ҳолати бўлди[6]. Туркманлар итоацизлик қила бошлагач, Атийя Ҳалаб аҳдасларига Ибн Хоннинг ал-Ҳазердаги қароргоҳини талон-тарож қилишни буюрди[6][7]. Туркманларнинг кўпчилиги ўлдирилиб, Ибн Хон Маҳмуд томонига ўтиб кетди[6]. Иттифоқчилар бирга 1065-йил Марж Дабиқда Атийяни мағлуб этишди[6]. Атийя Ҳалабда уч ой давомида қамал қилингач, август ойида таслим бўлди[6]. Маҳмуд Ҳалабга кириб келди ва янги келишув тузилди. Бу келишувга кўра, Атийя шарқий амирликни, яъни ар-Раҳбани ўз ичига олган Ғарбий Жазирани бошқарадиган бўлди. Маҳмуд эса Ғарбий амирликни, жумладан, Ҳалаб, Жунд Қиннасрин (Чалcис тумани) ва Жунд Ҳимснинг (Ҳомс тумани) катта қисмини ўз назоратига олди[6].

Сўнгги юришлар ва ўлими

Фотимийлар, чамаси, Атийяни Маҳмудга ҳужум қилишга ундаган. Бу эса Маҳмуд ва Ибн Хонни 1067-йилда ар-Раҳбага ҳужум қилишга тайёргарлик кўриш мақсадида Ҳомс ва Ҳамага юриш бошлашга мажбур қилган[6]. Триполи қозиси Ибн Аммар Атийя ва Маҳмуд ўртасида воситачилик қилгандан сўнг, бевосита тўқнашув олдини олишга эришди[6]. Фотимийлар 1065-йилда Мирдасийлар амирлигининг бўлиниши тўғрисидаги келишувни расман тан олдилар[6]. Бироқ Атийя ҳамон Маҳмудга тегишли Ҳомс шаҳрига даъво қилар эди[6]. 1068-йилда шаҳарни қўлга киритишга уриниш вақтида ар-Раҳбар қароргоҳини Уқайлий амири Муслим ибн Қурайш босиб олди[6]. Атийя Фотимийлар назорати остидаги Дамашқда қарор топиб, 1070/1071-йилда ўзининг сўнгги мулки ар-Раққани Ибн Қурайшга бой берди[8].

Атийя ўз амирлигини қайта тиклаш учун Фотимийлардан ҳарбий ёрдам сўраб қилган илтимослари рад этилгач, византияликлардан мадад излашга мажбур бўлди[9]. Антиохия қўшинлари қўллови билан Атийя 1071-йилда Маҳмуд амирлигига қарашли Мааррат Мисринга юриш қилди[9][8]. Афтидан, юриш унчалик аҳамиятга эга бўлмаган[8]. Византия Малазгирт жангида мағлуб бўлгач, Атийянинг фаолиятини қўллай бошлади. Бундан мақсад амирликнинг туркман қўшинларини заифлаштириш ёки бутунлай ҳайдашдан иборат эди[8]. Сўнгра, Византия пойтахти Константинополга қочиб борди. 1073-йилнинг июл ойида шу шаҳарда вафот этди[9][8]. Вафотига маст ҳолда томда ухлаб қолиб, томдан йиқилиши сабаб бўлди[10]. Жасади дафн этиш учун Ҳалабга келтирилган[10].

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 Бианқуис 1993, п. 119.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Заккар 1971, п. 51.
  3. ↑ 3,0 3,1 Заккар 1971, п. 166.
  4. ↑ Амабе 2016, п. 68.
  5. ↑ Бианқуис 1993, пп. 119–120.
  6. ↑ 6,00 6,01 6,02 6,03 6,04 6,05 6,06 6,07 6,08 6,09 6,10 6,11 6,12 6,13 6,14 6,15 6,16 6,17 6,18 6,19 6,20 6,21 Бианқуис 1993, п. 120.
  7. ↑ Амабе 2016, п. 69.
  8. ↑ 8,0 8,1 8,2 8,3 8,4 Заккар 1971, п. 180.
  9. ↑ 9,0 9,1 9,2 Бианқуис 1993, п. 121.
  10. ↑ 10,0 10,1 Бианқуис 1989, с. 598.

Адабиётлар

Ўтмишдоши:
Муъизз уд-Давла Тҳимал
Ҳалаб амири
1062-йил охири — 1065-йил август
Вориси:
Рашид уд-Давла Маҳмуд