Бешовнинг мактуби (қозоқча: Бесеудің хаты) — қозоқ зиёлиларининг ВКП (б) Қозоғистон ўлка қўмитасининг биринчи котиби Ф. И. Голошчекинга ёзиб юборилган мактуби. Бу мактаб дастлаб И. В. Сталинга бағишлаб ёзилган. У 1932-йил 4-июлда Қозоғистоннинг беш нафар зиёлиси томонидан ёзилган бўлиб, Совет ҳокимиятининг коллективлаштириш сиёсати ва унинг оқибатида юзага келган очарчиликка қарши энг муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланади.

Тарихи

Бу мактуб тарихда одатда „Бешовнинг мактуби“ ёки „Бешлик хати“ номи билан танилган[1]. Дастлаб хатни Иосиф Сталинга юбориш режалаштирилган, аммо кейинчалик у Қозоғистон ўлкавий комитетининг биринчи котиби Филипп Голошчёкинга топширилган. Мактуб 1932-йил 4-июлда беш нафар зиёли томонидан ёзиб имзоланган.

Мазмуни

Бешовнинг мактуби республикада чорвачиликнинг инқирози оқибатида мамлакатни ҳалокатли очарчилик чулғаб олгани ҳақида огоҳлантирган дастлабки бонглардан бири бўлди. Мактубда қозоқ қишлоғидаги социологик ўзгаришлар умумхалқ фожиасига айланиб, барча ижтимоий гуруҳларни — бойлар, ўртаҳоллар, камбағалларни қамраб олгани, мажбурий коллективлаштириш ва ўтроқлаштириш, солиқ ундиришдаги суиистеъмоллик ҳолатлари оммавий очлик ва эпидемияга, одамларнинг кўчишига олиб келгани ҳаққоний баён этилган. ВКП (б) Қозоғистон ўлка қўмитасининг қишлоқ хўжалигини бошқариш бўйича олиб борган шафқациз сиёсати ҳам танқид қилинган. Лекин ҳужжатда йўл қўйилган „ҳаддан ошишлар“да сўл коммунистлар айбдор деб кўрсатилган. Мамлакатни оғир вазиятдан олиб чиқиш йўллари таклиф этилган.

Тарихчиларнинг фикрича, бу мактуб Совет даврида очарчилик ҳақида марказий ҳокимиятга юборилган энг жасоратли мурожаатлардан бири бўлган. Муаллифлар ҳукумат сиёсати оқибатида чорвачилик тизими емирилгани ва қозоқ қишлоқларида оммавий ўлим кузатилаётганини очиқ ёзганлар[2].

Муаллифлар

Хат муаллифлари — ёзувчи Ғабит Мусирепов (1902-1985), Қозоқ давлат нашриёти мудири Мансур Ғатаулин (1903-1938), Олмаота Комвузининг раҳбар ходимлари Эмберген Олтинбеков (1904-1954) ва Муташ Даулетқалиев (1904-1982), Қозоғистон АССР Давлат режалаштириш комиссиясининг сектор бошлиғи Қодир Қуанишев (1906-1938). Улар бу хатни ёзганликларидан кейин қатағонга учради.

Хатнинг ёзилишига Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси Ораз Исаев туртки бўлган. Беш кишининг мактуби қозоқ зиёлиларининг тоталитар тузумга норозилигининг бир кўриниши бўлиб қолди[3].

Натижалар

Мактуб дарҳол сиёсий ўзгаришларга олиб келмаган бўлса-да, кейинчалик Москва раҳбарияти Голошчёкин сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлган. 1933-йилда у лавозимидан олинади. Тадқиқотчилар „Бешлик хати“ни Қозоғистондаги 1931–1933-йиллардаги очарчилик тарихини ўрганишда муҳим манба деб ҳисоблайди.

Манбалар

  1. ↑ „Тҳе Леттер оф тҳе Фиве — тҳе cрй оф тҳе пеопле анд ҳисториcал трутҳ“ (эн). э-ҳисторй.кз. Қаралди: 2026-йил 15-май.
  2. ↑ „Тҳе Леттер оф тҳе Фиве – Тҳе Cрй оф тҳе Пеопле анд Ҳисториcал Трутҳ“ (эн). Прези. Қаралди: 2026-йил 15-май.
  3. ↑ А. Нисанбаев. Қозоғистон: Миллий энсиклопедия, Олмота, 1998-йил. ИСБН ИСБН 5-89800-123-9.