Chezare Lombrozo
Марко Эдзекия (Чезаре) Ломброзо (итал. Марcо Эзечиа Ломбросо, Cесаре Ломбросо; 1835-йил 6-ноябр, Верона, Австрия империяси — 1909-йил 19-октабр, Турин, Италия қироллиги) — италян психиатри ва ўқитувчи, криминология ҳамда жиноят ҳуқуқида антропологик йўналиш асосчиси ҳисобланади. Унинг асосий ғояси „туғма жиноятчи“ назариясига бориб тақалади[1].
Ломброзонинг криминология фанига қўшган ҳиссаси шундаки, у тадқиқот обектини жиноятнинг ўзидан уни содир этган шахс — жиноятчига қаратди ва бу масалага антропология нуқтаи назаридан ёндашди. У айрим ташқи, осон ажралиб турадиган дисрафик белгилар асосида шахснинг жиноятчиликка патологик мойиллигини аниқлашга оид бир қатор амалий тавсияларни ишлаб чиқди.
Бироқ Ломброзонинг жиноятчиликка туғма мойиллик ҳақидаги қарашлари кейинчалик илмий доираларда кўп маротаба танқид қилинган.
Биографияси
У 1835-йил 6-ноябрда Верона шаҳрида бой яҳудий оиласида туғилган. У Ароне Ломброзо ва Дзефора Леви оиласидаги олти фарзанднинг учинчиси эди. Дастлаб Падуа, Вена ва Париж университетларида адабиёт, тилшунослик ҳамда археологияни ўрганди, бироқ кейинчалик режалари ўзгариб, 1859-йилда армия сафида жарроҳ сифатида фаолият бошлади. 1866-йилда у Павия шаҳрида таклиф этилган лектор этиб тайинланди, 1871-йилда эса Песародаги руҳий касалликлар шифохонасига раҳбарлик қилди. 1876-йилда Турин университетида суд тиббиёти ва жамоат гигиенаси профессори бўлди. Айнан шу йили у ўзининг энг муҳим ва таъсирли асари — „Л’Уомо делинқуэнте“ („Жиноятчи инсон“) ни ёзди. Ушбу асар италян тилида беш марта нашр этилган ва кейинчалик Европанинг турли тилларига таржима қилинган.
1862-йилдан бошлаб Павия университетида профессор лавозимида фаолият юритган, 1896-йилдан эса Турин университетида психиатрия профессори, 1906-йилдан эса шу университетда жиноят антропологияси бўйича профессор бўлган[2].
У 1909-йилда Турин шаҳрида вафот этган.
Оиласи
Унинг қизи Паола (1871–1954) — италян ёзувчиси, социализм ва феминизм тарафдори бўлиб, унинг асарлари асосан ижтимоий масалалар ҳамда болалар психологиясига бағишланган[3]. Ломброзонинг набираси Нора эса физик Бруно Росси билан турмуш қурган.
Илмий фаолияти
Чезаре Ломброзо франсуз психиатри Б. О. Морел қарашларининг (Морелнинг дегенерация — „инқироз“ ҳақидаги таълимоти) издоши эди. У ўзининг биологик хулосаларига, айниқса ташқи морфологик белгилар (бош суяги шакли, қулоқ супрасининг ноодатий тузилиши ва бошқалар)га таянган ҳолда, бу белгилар жиноятчиларга хос деб ҳисоблаган.
Ломброзонинг фикрича, ҳуқуқий нормаларни бузувчилар жисмоний ва руҳий жиҳатдан „ғайритабиий“ ташкил топган, алоҳида турдаги инсонлар бўлиб, жиноят уларнинг туғма хусусиятлари ва атавизм (аждодларга хос белгилар қайта намоён бўлиши) натижасидир. У бундай шахслар учун жиноят қилиш муқаррар деб ҳисоблаган ва жазолаш уларни тузатолмайди, деган фикрни илгари сурган. Шу боис, жамият учун хавфли бўлган бундай шахсларни номаълум муддатга қамаш ва ҳатто кўпинча ўлим жазоси қўллаш зарур, деб ҳисоблаган. Ломброзо туғма жиноятчиликка мойил шахсларни „ҳомо делинқуэнт“ (лотинча — „қоидани бузувчи инсон“) деб атаган. Бу атама унинг 1876-йилда чоп этилган машҳур асари — „Жиноятчи инсон“ (Л’Уомо делинқуэнте) номи билан ҳам боғлиқ[4]:353.
Шунингдек, Ломброзо „сиёсий жиноятлар“ни ҳам алоҳида ажратиб кўрсатган ва уларнинг илдизини ҳам жиноятчининг биологик табиатида деб изоҳлаган. Унга кўра, „оддий“ инсон табиатига янгиликка нисбатан нафрат (мизонеизм) хос бўлса, янгиликни севиш (филонеизм) эса „туғма жиноятчилар“га хос касаллик сифатида талқин қилинган[4]:353.
Ломброзо криминологияда кенг қўлланилган „жиноятчиликка мойиллик формуласи“ни ҳам ишлаб чиққан. Ушбу формулага кўра, судланган шахсларнинг антропологик белгиларининг ўртача кўрсаткичлари вояга етмаганлар орасида спиртли ичимлик истеъмоли даражаси билан солиштирилади. Олинган натижа шартли „Э“ кўрсаткичига кўпайтирилиб, умумий қонуният сифатида талқин этилади. Бу ёндашув жиноятчилик сабабларини аниқлашга қаратилган бўлиб, якунда у инсон танасининг айрим қисмлари ўлчамларига боғлаб изоҳланган.
Манбалар
- ↑ „Ломброзо Чезаре“. www.ҳисторймед.ру. 2021-йил 17-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2019-йил 3-август.
- ↑ „Чезаре Ломброзо“ (ру). Персоналии. псиҳоаналитик.нет. 2015-йил 8-февралда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2015-йил 7-феврал.
- ↑ Андоза:ВТ-ЕЭБЕ
- ↑ 4,0 4,1 Юдин Т.И.. Очерки истории отечественной психиатрии. Москва: Государственное издательство медицинской литературы «Медгиз», 1951.