Диапауза (юн. диапаусис — тўхташ, дам олиш) — ҳайвонлар ҳаёт фаолиятининг тиним даври; бунда умумий модда алмашинуви пасаяди. Д.нинг вужудга келишига ташқи муҳим шароитлари: озуқа сифати, намлик, ҳарорат, кун узунлигининг мавсумий ўзгаришлари сабаб бўлади. Бу шароитлар таъсирида, мас, ҳашаротлар организмида анатомик-гистологик, физиологик ва биокимёвий ўзгаришлар юз беради, яъни ривожланиш вақтинча тўхтайди, кислородни ўзлаштириш камаяди, эркин сув коллоид ҳолатга ўтади, ёғ та-началари ҳужайраларида энг кўп миқдорда захира қатламлар (баъзи турларда ёғлар, бошқаларида эса ёғ-оқсил доналари) тўпланади. Бу белгилари билан Д. карахтлик (уйқу)дан фарқ қилади. Д. организмнинг совуққа чидамли бўлиб, қишлаб чиқишини таъминлайди. Қуруқ субтропик ва тропик иқлимда ёзги Д., яъни эстивация кузатилади. Ҳар бир биологик турда Д. организми ҳаёт сиклининг маълум фазаларида содир бўлади, ҳашаротларда тухум, қурт (личинка), ғумбак ёки имаго (вояга етган) ривожланиш даврларига тўғри келади.

Ўсимликларни ҳимоя қилишда Д. тўғрисидаги маълумотлар экинлар зараркунандаларининг пайдо бўлиш ва ривожланиш даврини прогнозлаш (қисқа ва узоқ муддатли)да ҳисобга олинади.

Султон Алимуҳамедов.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил