Goʻja
Гўжа — қўқонжўхори (оқ жўхори) ёки қайроқи буғдойдан тайёрланадиган суюқ таом.
Тайёрлаш учун аввало донга ишлов берилади. Бунинг учун оқ жўхори ёки буғдой тозаланиб, бир оз намлангач, ёғоч келида туйиб, елпиб, кепак ва қипикдан тозаланади. Бу иш 2—3 марта такрорланади, сўнг яхшилаб ювилади. Гўжанинг сутли, қатиқли, жазли, ачитма каби турлари бор. Сутли гўжа : дон пишгунча сувда қайнатилади, ортиқча суви тўкиб ташланиб, сут қуйилади, таомга тўғралган ошқовоқ солиш ҳам мумкин. Тузи ростлангач, қозонни оловдан олиб, бир оз дам берилади. Қозон юзида қаймоқ йиғила бошлаганда косаларга сузиб дастурхонга тортилади. 100 г донга ўртача 300 г сут, 50 г ошқовоқ, таъбга кўра туз солинади. Қатиқли гўжа — қозонда ёғни доғлаб пиёз қовурилади ва сув қуйиб қайнатилади. Сўнгра тайёрлаб қўйилган дон (оқ жўхори)ни солиб, 1 соат давомида пст оловда қайнатилиб, донлар очилтириб олинади. Тайёр таомни оловдан олиб, чўмич билан шопириб совитилади. Қатиқ ёки сузмани яхшилаб аралаштириб қўшиб юборилади. Косалар юзига табга кўра кўкатлар сепилган ҳолда дастурхонга тортилади. Ачитма гўжа: қатиқланган гўжа оши совитилиб, саночга ёки сопол кўзага солинади. Таом бир неча соатдан сўнг ачий бошлайди. Ҳар замон ҳар замонда бир аралаштириб қўйилади. Бу таом жазирама иссиқ кунлари иштаҳа очувчи, шунингдек, чанқовбосди ичимлик сифатида истеъмол қилинади. Жазли гўжа — ёғни доғлаб, майда тўғралган пиёз қизаргунча қовурилади, сув қуйилади, тайёрланган донни солиб, 40—45 минут давомида паст оловда қайнатилади. Дони ярим пишгач, қозонга майда тўғралган ёки қиймаланган гўшт, 1 см катталикда тўртбурчак қилиб тўғралган сабзи ва шолғом солиб яна 20 минут қайнатилади. Қозонни оловдан олиб, дам едирилади ва дастурхонга тортишда юзига кўк пиёз, бошқа хил ошкўклар сепилади. Ёқимли иштаҳа .
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |