Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн Али ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Умар ал-Ашраф ибн Али Зайн ал-Обидин ибн ал-Ҳусайн (тахминан 844-йилда Мадинада тугъилган — 917-йил январ ёки февралда Омулда вафот этган) — зайдий йўналишига мансуб шиа алавий даъватчиси. 914-йилда оън тоърт йиллик Сомонийлар ҳукмронлигидан сўнг Шимолий Эроннинг Табаристон вилоятида Зайдийлар ҳокимиятини қайта тиклаган. Ал-Ҳасан ал-Утруш (арабча: الحسن الأطروش‎‎) номи билан танилган. Табаристонни вафотига қадар ан-Носир лил Ҳаққ (Ҳақ динининг ҳимоячиси) ҳукмдорлик номи билан бошқарган. Кейинчалик шу лақабни қабул қилган бошқа авлодларидан фарқлаш учун берилган ан-Носир ал-Кабир (Буюк ан-Носир) номи билан ҳам машҳур бўлган. Бобоси ал-Ҳасан Али ибн Ҳусайн Зайн ал-Обиддиннинг ўғли Умар ал-Ашрафнинг набираси эди. Бугунги кунда ҳам Ямандаги зайдийлар томонидан имом сифатида эътироф этилади ва ҳурмат қилинади[1].

Ҳасан ал-Утруш
Зайдий имом

Ҳасан ал-Утрушнинг Амолдаги қабри
Табаристон амири
Салтанат 914-йил январ — 917-йил январ/феврал
Ўтмишдоши Сомонийлар оккупацияси
Давомчиси Ҳасан ибн Қосим
Туғилиши тах. 844
Мадина
Вафоти 917-йил январ/феврал
Амол
Уй Зайдийлар сулоласи
Дини Ислом (шиалик Зайдийлик мазҳаби

Ёшлик даври

Ал-Ҳасан тахминан 844-йилда Мадинада туғилган. Отаси Муҳаммад пайғамбарнинг набираси ва шиаликнинг учинчи имоми Ҳусайн ибн Али авлодидан бўлиб, насаби Ҳусайннинг катта ўғли Али ибн Ҳусайн Зайн ал-Обидин орқали давом этган. Онаси эса хуросонлик чўри бўлиб, исми маълум эмас[2]. 860-йилларда Ҳусайннинг акаси Ҳасан ибн Али авлодларидан бири Ҳасан ибн Зайд Табаристонда ўз ҳокимиятини ўрнатганида Ҳасан унинг ҳузурига бориб хизмат қила бошлади. Бироқ кейинчалик Ҳасан ибн Зайднинг укаси ва вориси Муҳаммад ибн Зайд билан келиша олмади, чунки Муҳаммад унга ишончсизлик билан қарарди. Шундан сўнг Ҳасан Табаристонни тарк этиб, шарқдаги вилоятларда ўз ҳукмронлигини барпо этишга уринди. Шу мақсадда Хуросон ҳукмдори Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хужистоний билан иттифоқ тузди. Ал-Хужистоний Муҳаммад ибн Зайднинг рақиби эди. Орадан кўп ўтмай, у ҳам Ҳасандан шубҳалана бошлади ва уни қамоққа ташлаб, қамчи билан калтаклаттирди. Айнан шу жазодан кейин Ҳасан эшитиш қобилиятини йўқотган ва шу сабабли унга ал-Утруш (кар) лақаби берилган. Тарихда, асосан, шу ном билан машҳур бўлиб қолган[2].

Қамоқдан озод этилгач, Ҳасан яна Табаристонга қайтиб, Муҳаммад ибн Зайднинг хизматига кирди. 900-йилда Гўргон яқинида Сомонийлар қўмондони Муҳаммад ибн Ҳорун ас-Сарахсий бошчилигидаги қўшинларга қарши бўлган ҳал қилувчи жангда Муҳаммад ибн Зайд билан бирга қатнашди. Бу жанг Алавийлар учун ҳалокатли якунланди. Муҳаммад ибн Зайд мағлубиятга учраб, олган жароҳатлари оқибатида вафот этди. Натижада, Табаристон Сомонийлар истилоси учун очиқ қолди[2][3]. Ҳасан жанг майдонидан қочиб қутулишга муваффақ бўлиб, дастлаб Рай шаҳридан бошпана топди. У ерда аввал ҳам Зайдий алавийларни қўллаб-қувватлаган Жустоний ҳукмдор унга ёрдам таклиф қилди. Ҳасан ва Жустонийлар 902 ва 903-йилларда Табаристонни қайта эгаллашга уриндилар, аммо бу ҳаракатлар муваффақияцизлик билан якунланди. Жустонийларнинг ишончсизлигидан хавотирланган Ҳасан ўзига мустақил таянч яратишга қарор қилди. Шу мақсадда Албурз тоғларининг шимолида яшовчи ҳамда ҳали исломни қабул қилмаган гилянлар ва дайламийлар орасида даъватчилик фаолиятини бошлади. Шахсан ўзи тарғибот ишларини олиб бориб, масжидлар қурдирди ва қисқа вақт ичида катта муваффақиятга эришди. Тоғли Дайлам аҳолиси ҳамда Сафид Руд дарёсининг шарқида яшовчи гилянлар уни ан-Носир лил Ҳаққ (Ҳақ динининг ҳимоячиси) унвони билан ўз имоми сифатида тан олдилар ва у тарғиб қилган зайдийлик йўналишини қабул қилдилар. Кейинчалик бу йўналиш унинг номи билан Носирия деб атала бошланди. Бу ёъналиш Қосим ибн Иброҳим таълимотига асосланган ҳамда Табаристонда кенг тарқалган Қосимия тармоғидан айрим амалий жиҳатлари билан фарқ қиларди[1][4]. Бу ҳолат Жустон ибн Ваҳсуданнинг мавқеига жиддий таҳдид солди. Икки томон ўртасидаги қарама-қаршиликда Ҳасан устун келишга муваффақ бўлиб, Жустонийлар ҳукмдорини ўзига содиқлик қасамёдини қилишга мажбур этди[5].

Табаристонда ҳокимиятининг тикланиши ва бунинг оқибати

Ҳасаннинг тобора кучайиб бораётган қудратини кўрган Сомонийлар ҳукмдори Аҳмад ибн Исмоил Табаристонда Зайдийлар ҳокимиятининг қайта тикланишига йўл қўймаслик учун Муҳаммад ибн Салук бошчилигида қўшин юборди. Сомонийлар қўшини сон ва қурол-аслаҳа жиҳатидан анча устун бўлса-да, Ҳасан 913-йил декабр ойида Чалуснинг ғарбидан оқиб ўтган Бурруд дарёси бўйидаги Бурдида жангида уларга қақшатқич зарба берди. Жангда омон қолиб, Чалус қал’асига яширинган Сомонийлар аскарлари таслим бўлишга кўндирилди. Бироқ кейинчалик улар Ҳасаннинг куёви Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн ал-Қосим буйруғи билан қириб ташланди. Ушбу ғалабадан сўнг вилоят пойтахти Омул Зайдийлар қўшинига дарвозаларини очди ва Ҳасан шу ердаги ҳукмдор саройига жойлашди[2][5]. Кўп ўтмай Аҳмад ибн Исмоилнинг ўлдирилиши ҳамда унинг вориси Наср ИИ ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш билан банд бўлганидан фойдаланган Ҳасан қисқа вақт ичида Зайдийларнинг эски мулклари, жумладан, Табаристон ва Гўргонни яна ўз назорати остига олди. Сомонийларнинг қарши ҳужуми уни вақтинча Омулни тарк этиб, Чалусга чекинишга мажбур қилди. 40 кун ўтгач, Ҳасан босқинчиларни яна мағлуб этиб, ўз ҳокимиятини тиклашга муваффақ бўлди. Ҳатто Зайдийларнинг илк ҳукмдорларига авваллари қарши бўлган Бавандийлар сулоласи вакили Шарвин ИИ каби маҳаллий ҳукмдорлар ҳам Ҳасан билан сулҳ тузиб, унинг ҳокимиятини тан олдилар[2][5].

Бироқ ёши кексайгани сабабли ворислик масаласи юзасидан тарафдорлари ўртасида келиб чиққан низолар Ҳасаннинг бу ютуқларига путур етказа бошлади. Ҳасаннинг ўз ўғиллари бузуқ феъл-атворли ва давлатни бошқаришга нолойиқ деб ҳисобланган, шу боис куёви ва бош қўмондони Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн ал-Қосим билан келиша олмай қолди. Ҳатто бир сафар Абу Муҳаммад кекса имомни асирга ҳам олди, аммо бу воқеа халқ орасида шунчалик кескин норозилик уйғотдики, натижада у Дайламга қочишга мажбур бўлди. Охир-оқибат Табаристон зодагонлари икки томонни яраштиришга муваффақ бўлдилар ва Абу Муҳаммад Ҳасаннинг оъз ўғилларининг оърнига расмий ворис этиб белгиланди[1][6]. Ҳасан 917-йил январ ёки феврал ойида вафот этгунига қадар Табаристонни бошқариб турди. Ҳатто сунний тарихчи Табарий ҳам унинг ҳукмронлиги ҳақида: „Халқ ал-Утрушнинг адолати, яхши хулқи ва ҳақ-ҳуқуқларни адо этишига ўхшашини илгари кўрмаган эди“, — дея юксак баҳо берган[1][5]. Унинг Омулдаги қабри кейинчалик дайламий ва гилян шиалари учун муҳим зиёратгоҳга айланди. Шунингдек, авлодлари ан-Носир шарафли номини сақлаб қолган ҳолда жамиятда катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлганлар[7].

Ҳасаннинг вафотидан сўнг Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн ал-Қосим Гилондан қайтиб келиб, унинг ўрнига ҳукмдор бўлди ва 928-йилда вафот этгунига қадар мамлакатни бошқарди. Абу Муҳаммад халқ орасида машҳур ва обрўли ҳукмдор бўлган бўлса-да, ҳукмронлиги давомида Ҳасаннинг ўғиллари Абулҳусайн Аҳмад ва Абулқоим Жаъфар ҳамда уларнинг тарафдорлари томонидан доимий равишда таҳдид остида қолди. Улар 919-йилда, шунингдек, 923—926-йиллар оралиғида Абу Муҳаммадни тахтдан ағдариб, қисқа муддат сургунга кетишга мажбур қилишга муваффақ бўлганлар[8][9].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 1,3 Стротҳманн (1971), пп. 254–255
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 Стротҳманн (1971), п. 254
  3. ↑ Маделунг (1975), п. 207
  4. ↑ Маделунг (1975), пп. 208–209
  5. ↑ 5,0 5,1 5,2 5,3 Маделунг (1975), п. 209
  6. ↑ Маделунг (1975), п. 210
  7. ↑ Маделунг (1975), пп. 209–210
  8. ↑ Маделунг (1975), пп. 210–211
  9. ↑ Стротҳманн (1971), п. 255

Адабиётлар