Ҳасанвайҳ (Ҳасануя), Ҳасанвайҳ ал-Курдий[1], шунингдек, Абулфаворис — курд ҳукмдори ҳамда Ҳасанвайҳийлар сулоласи асосчиси, 961-йилдан 979-йилгача ҳукмронлик қилган.

Ҳасанвайҳ ибн Ҳусайн
Амир
Салтанат 961 — 979
Ўтмишдоши Абдуваҳҳоб ибн Виндод (Айшанийлар)
Давомчиси Бадр ибн Ҳасанвайҳ
Вафоти 979
Тўлиқ номи
Амир Абулфаворис Ҳасанвайҳ ибн Ҳусайн ал-Барзиконий ал-Курдий
Сулола Ҳасанвайҳийлар
Отаси Ҳусайн Барзакон

Ҳасанвайҳ бувайҳийларни Сомонийларга қарши қўллаб-қувватлаган ва бу орқали маълум даражада куч орттириш имконига эга бўлган. Охир-оқибат, Луристон, Диновар, Наҳаванд, Дақуқ, Шаҳризор ва Ҳамадоннинг катта қисмини назорат қилган ҳамда шу даражада қудратли бўлганки, бувайҳийлар уни безовта қилишдан тийилганлар. Ҳасанвайҳнинг таъсири ҳатто Озарбайжонгача етиб борган[2][3].

Ҳаёти

Ҳасанвайҳ Ҳусайн исмли шахснинг ўғли бўлиб, Курд қабиласи бўлган Барзиконийларга мансуб эди. 961-йилда Ҳасанвайҳ бир нечта қал’аларни эгаллашга муваффақ бўлиб, шу тариқа Ҳасанвайҳийлар сулоласига асос солди. Ҳамадондаги Бувайҳийлар ҳокими Саҳлон ибн Мусофир ҳамда бувайҳийлар вазири Абулфадл ибн ал-Амидга қарши муваффақиятли курашди. 970-йилда Абулфазлнинг вориси билан келишувга эришиб, унга кўра йилига 50 000 динор тўлаш эвазига мустақиллиги тан олинишига эришди. 976-йил 16-сентябрда Жибалдаги бувайҳийлар ҳукмдори Рукн уд-Давла вафот этди. Унинг ўлимидан сўнг Ироқдаги Бувайҳийлар ҳукмдори Изз уд-Давла Рукн уд-Давланинг ўғли Адуд уд-Давладан қасос олишга тайёргарлик кўра бошлади. Бунинг сабаби Адуд ад-Давла уни тахтдан ағдаришга урингани эди.

Изз уд-Давла Адуд уд-Давланинг укаси ва Ҳамадон ҳудудларида отасининг вориси бўлган Фахр уд-Давла билан иттифоқ тузди. Шунингдек, Шимолий Ироқда ҳукмронлик қилаётган Ҳамдонийлар ҳамда Ҳасанвайҳ билан ҳам иттифоқ тузди. Бироқ Рукн уд-Давланинг учинчи ўғли Муʻайяд уд-Давла Адуд ад-Давлага содиқ қолган эди. Натижада, Адуд уд-Давла Изз ад-Давла ва унинг иттифоқчиларини мағлуб этди. Шундан сўнг Ҳасанвайҳ Адуд уд-Давла билан сулҳ тузди ва Адуд уд-Давла уни кечирди. Ҳасанвайҳ 979-йилда Беҳистун жанубида жойлашган Сармажда вафот этди. Орадан кўп ўтмай унинг ўғиллари ўртасида фуқаролар уруши бошланди. Шу билан бирга Бувайҳийлар ўртасидаги ички кураш Адуд уд-Давла ва Фахр уд-Давла ўртасида давом этарди. Адуд уд-Давла охир-оқибат ғалаба қозониб, Фахр уд-Давлани Бувайҳийлар ҳудудидан қувиб чиқарди. Шундан сўнг Ҳасанвайҳнинг барча ўғилларини қатл эттирди. Фақат Бадр ибн Ҳасанвайҳ исмли бир ўғлини тирик қолдириб, уни Ҳасанвайҳийлар сулоласи ҳукмдори этиб тайинлади.

Манбалар

Адабиётлар

Ўтмишдоши:
Сулолага асос солинган
Ҳасанвайҳийлар ҳукмдори
961 — 979
Вориси:
Бадр ибн Ҳасанвайҳ