Истисқо (арабча) — организм бўшлиқлари, тўқималари, хусусан, тери ости ёғ қавати (клетчатка) да суюқлик (транссудат) тўпланиши. Суюқлик қайси аъзода йиғилганлигига қараб бош мия, кўкрак, мояк, перикард, қорин ва бошқа аъзолар истисқоси фарқ қилинади. Юрак, буйрак касалликлари, ҳомиладорлик токсикозлари ва бошқа касалликларда кузатилади.

Турлари

Кўз истисқоси гидрофталм, бош мия истисқоси гидроцефалия, плевра истисқоси гидроторакс, қорин истисқоси ассит, бачадон найи истисқоси гидросалпинкс, мояк пардалари истисқоси гидроцеле, перикард истисқоси гидроперикард, бўғим истисқоси гидроартрит деб аталади. Ҳомиладорлар истисқоси, уруғ тизимчаси истисқоси, кўз ёши халтачаси истисқоси ажратилади. Абу Али ибн Сино ноғорасимон истисқо (ел истисқоси) ни ҳам ажратади.

Истисқонинг умумий ва маҳаллий хиллари бор. Умумий истисқо юрак-томир системаси (юрак шишлари, бунда шиш кўпроқ тананинг пастки қисмларида бўлади), буйрак касалликлари, ҳолдан тойиш ва оқсил етишмовчилиги ҳолатларида юзага келади. Маҳаллий истисқо кўпинча тананинг маълум бир қисмидаги веналар (дарвоза, сон веналари ва бошқалар) нинг қисилиши натижасида пайдо бўлади. Истисқода организмда моддалар алмашинувининг барча тури издан чиқади, бу дистрофия, ҳатто тўқималарнинг некрозига олиб келади.

Давоси

Асосий касаллик бартараф қилинади. Суюқлик кўп йиғилганда хирургик даво қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил