Изз ал-Дин Абу Санад Жамоз ибн Шиҳо ибн Ҳошим ал-Ҳусайний (арабча: عز الدين أبو سند جماز بن شيحة بن هاشم الحسيني‎‎) 1259-йилдан 1300–1301 ёки 1302–1303-йилларга қадар Мадинанинг Ҳусайний амири, 1267–1268-йиллардаги қисқа танаффусдан кейин 1251–1252-йилдан укаси Мунифнинг амири ёки ноиби бўлиб хизмат қилган. 1270-йилларда Макка амирлигини ҳукмдор Абу Нумай Муҳаммад ибн Абу Саъддан тортиб олиш учун бир неча бор уринишларини амалга оширган. 1271-йилга келиб уринишлари муваффақиятли якунланган, бироқ ҳокимият бошқарувини узоқ муддат давомида ушлаб туролмаган. 1288-йилга келиб яна қисқа вақт ичида муваффақиятга эришган, аммо бу сафар ҳам шаҳарни фақатгина бир неча ой давомида ушлаб турган. Қариб қолганлиги ва кўз нурини йўқотганлиги сабабли 1304-йилнинг ноябр ёки декабр ойларида вафотидан аввал ҳокимиятни ўғли Мансур ибн Жамозга топширган.

Жамоз ибн Шиҳо
Мадина амири
Салтанат 1251-1252 – 1300-1301 ёки 1302-1303
Ўтмишдоши Исо ибн Шиҳо
Давомчиси Мансур ибн Жамоз
Ҳамкорлар Муниф ибн Шиҳо, Малик ибн Муниф
Макка амири
Салтанат 1271
Ўтмишдоши Абу Нумай Муҳаммад ибн Абу Саъд
Давомчиси Абу Нумай Муҳаммад ибн Абу Саъд
Салтанат 1288
Ўтмишдоши Абу Нумай Муҳаммад ибн Абу Саъд
Давомчиси Абу Нумай Муҳаммад ибн Абу Саъд
Уй Бану Муҳанна
Отаси Шиҳо ибн Ҳошим

Ҳаёти

Жамоз Шиҳо ибн Ҳошимнинг кенжа ўғли бўлиб, Мадина шарифини 1226–1227-йилдан 1249-1250-йилларда ўлдирилгунига қадар бошқарган[1]. Шиҳонинг ўрнига ҳокимият бошқарувига унинг ўғли Исо ибн Шиҳо тайинланган эди, бироқ тез орада Исо икки укаси Жамоз ва Мунифлар томонидан қаршиликка учрайди. Шу сабабдаб Исо ибн Шиҳо укаларнинг Мадинага киришини тақиқлайди, аммо улар вазир ёрдами билан шаҳарга киришга муваффақ бўлишади ва 1251-1252-йилларда уни тахтдан ағдаришади[1].

ХИВ асрнинг мадиналик тарихчиси Ибн Фарҳун Мунифнинг Мадина амири, Жамозни эса унинг вазири бўлганлигини таъкидлайди, лекин бошқа манбаларда амирлик ака-укалар томонидан бошқарилганлиги ва Жамознинг нисбатан етакчи бўлган бўлиши мумкинлиги айтилади[1]. 1259-йилда Муниф вафот этгач, унинг ўғли Молик ҳокимият тепасига келиш учун ҳали вояга етмаганлиги сабабли ҳам Жамоз Мадинанинг ягона амири сифатида қолади[1]. 1254-йилда Жамоз ибн Шиҳо Расулийлар ҳужумига қарши ҳукмдорлар Идрис ибн Қатода ва Абу Нумай ибн Абу Саъдга ёрдам бериш мақсадида Маккага Мадина қўшинини олиб келади, аммо Мадина ва Макка қўшинлари мағлубиятга учрайди ва Расулийлар қўмондони Ибн Биртос Маккани эгаллаб олади[1].

1266–1267-йилларда Молик ибн Муниф вояга етгач, отасининг меросига даъво қилмоқчи бўлади ва ёрдам сўраб Мамлуклар давлати султони Байбарсга мурожаат қилади. Байбарс Маликнинг илтимосини қабул қилиб, уни амир этиб тайинлайди ва Миср ва Суриядаги мулкларидан Мадинага ажратилган хайрия вақфларининг ярмини унга беради[1]. Жамоз ҳам бу қарорни қабул қилган бўлишига қарамай, кейинги йили Молик амакисини Мадинадан қувиб чиқаради. Жамоз Макка ва қўшни Бадавий қабилаларидан ёрдам тўплайди, аммо Мадинани қайтариб олиш учун қилган ҳаракатлари самарасиз якунланади. Шунга қарамай, Молик кутилмаганда ноаниқ сабабларга кўра ўз лавозимидан истеъфога чиқади ва Жамозни шаҳар амири лавозимига тиклайди[1]. 1269-йилда Жамоз ва Малик ўртасида ҳокимият учун қисқа кураш кечган бўлиши ҳам мумкин, аммо Жамоз Мадинанинг ягона ҳукмдори бўлиб қолган[1].

Жамознинг ҳокимият тепасидаги хавфсизлиги таъминланганидан кейин у бутун эътиборини ўзи забт этмоқчи бўлган Макка шаҳрига қаратади. Шаҳарга қарши илк юриш режалари 1268-1269-йилларда Абу Нумай Идрис ибн Қатоданинг шаҳардан ҳайдаб юборилганида амалга оширилган бўлиши мумкин[1]. 1271-йилда Жамоз Янбу амири билан иттифоқ тузади ва Маккани қирқ кунда босиб олади. 1275-йилги яна бир юриш пул эвазига сулҳ билан тўхтатилади, аммо кейинги йили Жамоз яна Янбу амири билан иттифоқ тузади. Уларнинг бирлашган кучлари 215 отлиқ ва 800 пиёда аскарларидан иборат бўлиб, Водий Мар аз-Заҳронда Абу Нумайнинг анча кичик қўшини томонидан мағлубиятга учрайди[1]. Жамоз Абу Нумайнинг Мамлуклар назоратидан узоқлашишга уринишларидан фойдаланиб, ниҳоят 1288-йилда Маккани эгаллашга муваффақ бўлади. Султон Қалавун Абу Нумайни итоатга қайтариш учун Жамозга қўшинларини беради, лекин бунинг ўрнига у қўшин билан бирга шаҳарни эгаллаб олади ва жума хутбасида ўз номини ўқиб, уни тангаларга муҳрлайди. Унинг ҳукмронлиги бор-йўғи бир неча ой давом этади, мамлук қўмондони ўзининг алданганини англаб, унинг ўрнига Абу Нумай билан музокара бошлайди ва Жамозни Мадинага қайтишга мажбур қилади[1]. Шундай бўлса-да бу ҳаракатлар Жамознинг Мамлуклар саройидаги обрўсига зиён келтирмайди. 1292–1293-йилда Жамоз Қоҳирага ташриф буюради ва Қалавун вориси томонидан катта шараф билан кутиб олинади[1]. Унинг сулоласи анъанавий равишда ўн икки имом бўлиб, ҳар доим шиа маросимларини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, 1283–1284-йилда Мамлуклар Ал-Масжид ан-Набавийга сунний имом тайинлайдилар[1].

1300–1301 ёки 1302–1303-йилларда ёши ўтгани ва кўриш қобилияти ёмонлашгани сабабли Жамоз ҳокимиятни ўғли Мансурга топширади. У қолган ўн бир нафар ўғилларини ҳам Мансурга содиқлик қасами билан боғлашга уринади, аммо бу ҳаракати унчалик фойда бермайди. 1304-йилнинг ноябр–декабр ойларида Жамознинг вафотидан кейингина улар ўртасида очиқ қаршилик пайдо бўлади[1].

Манбалар

Адабиётлар

  • Мортел, Ричард Т. (1994). "Тҳе Ḥусайнид Амирате оф Мадīна дуринг тҳе Мамлūк Период". Студиа Исламиcа 80 (80): 97–123. дои:10.2307/1595853. 
  • Ибн Фаҳд, ‘Изз ал-Дīн ‘Абд ал-‘Азīз ибн ‘Умар ибн Муḥаммад. Гҳāят ал-марāм би-акҳбāр салṭанат ал-Балад ал-Ḥарāм, 1ст (ар) Шалтūт: , Маккаҳ: Жāми‘ат Умм ал-Қурá, Марказ ал-Баḥтҳ ал-‘Илмī wа-Иḥйā’ ал-Турāтҳ ал-Ислāмī, Куллīят ал-Шарīʻаҳ wа-ал-Дирāсāт ал-Ислāмīяҳ, 1988 — 48–53-бет. 
  • ‘Абд ал-Гҳанī, ‘Āриф Аḥмад. Тāрīкҳ умарā' ал-Мадīнаҳ ал-Мунаwwараҳ (ар). Димашқ: Дāр Канāн, 1996 — 264-бет.