Кашмир водийси - Катта Ҳимолай ва Пир-Панжал тоғ тизмалари орасидаги кенг водий, Ҳиндистонда. Узунлиги қарийб 200 км, кенглиги 60 км дан зиёд. Бал. 1600 м га яқин. Кўл кўп, энг каттаси Вулар кўли. Тоғлардан оқиб тушадиган майда дарё ва сойлар водийнинг энг йирик дарёси Жалам (Жҳалам)га (Ҳинд дарёси ирмоғи) қуйилади. Дарёда кема қатнайди. Йўловчиларни ташишда қайиқдан ҳам фойдаланилади. Иқлими мўътадил, январнинг ўртача температураси —Г, июлники 22—23°. Ёзги нам муссон шамолларнинг кириб келишига ПирПанжал тоғ тизмаси тўсқинлик қилади. Шу сабабли, ёз мавсумида ёғин кам ёғади. Йиллик ёғин ўртача 1000 мм. К. в. тупроғи аллювиал тупроқ. Кенг баргли ўрмонлар, тоғ ён бағирларида игна баргли ўрмонлар бор. Қишлоқ хўжалиги экинлари, асосан, шоли ва маккажўхори, шунингдек, зигир, рапс, хантал, қисман буғдой ҳам экилади. К.в.да турли мевалар етиштирилади. Экинзорлар дарё сувидан сугорилади. Мевали боғлар бор. Йилига 180 минг т дан зиёд мева етиштирилади. Заъфарон Ҳиндистонда, асосан, шу ерда экилади. Ипак қурти учун тут дарахти ўстирилади. К.в.да аҳоли зич. Ҳунармандчиликда гилам тўқиш, каштачилик, ёғоч ва металл ўймакорлиги ривожланган. Иқлим курортлари бор. Сринагар, Пахалгам ва Гулмарг ш.лари туризм марказларидан. Бобурийлар асос солган Шалимар ва Нашат боғларини кўриш учун туристлар кўп келади. Энг йирик шаҳри — Сринагар. [1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил