Китоб сурат ал-ард
Китоб сурат ал-ард (Ер сурати китоби) – географик асар. Муаллифи Х асрда яшаган араб сайёҳи ва олими Ибн Ҳавқалдир. Асар 977–978-йилларда Сицилияда ёзилган бўлиб, кўплаб халқлар тарихий географияси баён қилинган[1]. Асарда ернинг таснифи, иқлими, мамлакатлар ва шаҳарлар тўғрисида маълумотлар келтирилган. 943-йилда Ибн Ҳавқал савдогар сифатида Испания, Сицилия, Месопотамия, Шимолий Африка, Ҳиндистон, Эрон каби мамлакатларга боради. У Истахрий билан танишади ва асар ёзишга киришади. Истахрий „Китоб масолик ул-мамолик“ асаридаги хариталарни қайта ёзади ва тўғирлаб чиқади, бир нечта хариталарни китобга илова сифатида киритади[2]. Асарда Бухорога оид бўлган маълумотларни учратиш мумкин. Ибн Ҳавқал асарида Бухородаги 7 та дарвоза номларини санаб ўтади. У асарда Бухородаги Харқонруд, Шофирком ариғи, Барахша (Варахша), Қуйи ва Юқори Фаровуз, Наҳр-и Ромитан каби жой номлари ва топонимларини ёзган. Ибн Хавқал асарида Истахрий маълумотларидан ташқари, ал-Жайҳоний, Ибн Хурдадбеҳ каби шахсларнинг китобларидан фойдаланади[3]. 1878-йилда асарнинг арабча матни асосида Де Гуэ томонидан, 1938–1939-йилларда Крамерс томонидан нашр қилинган. Асар 2011-йилда тарихчи олим Шамсиддин Камолиддинов томонидан илмий-изоҳли луғати билан биргаликда Тошкентда ўзбек тилида чоп этилган[3]. Шамсиддин Камолиддинов Крамерс томонидан тайёрланган танқидий матни асосида таржима қилган[4]. Ибн Ҳавқалнинг ушбу асари айрим парчалари рус тилига таржима қилинган. Волин, Гаркави, Бетгер каби олимлар ўз тадқиқотларида „Китоб сурат ал-ард“ асаридан фойдаланишган[5]. Мазкур асарнинг Ҳ. Мамадалиев томонидан 2007-йил „Мовароуннаҳр“ қисми ўзбек тилига таржима қилинган аммо у нашр этилмай қолган[4].
| Муаллиф(лар) | Ибн Ҳавқал |
|---|---|
| Таржимон(лар) | Шамсиддин Камолиддинов |
| Тил | арабча |
| Ўзбек тилида нашр этилган санаси | 2011-йил |
Манбалар
- ↑ Ибн Ҳавқал 2011, с. 4.
- ↑ Тўраев 2023, с. 37.
- ↑ 3,0 3,1 Тўраев 2023, с. 38.
- ↑ 4,0 4,1 Ибн Ҳавқал 2011, с. 8.
- ↑ Ибн Ҳавқал 2011, с. 7.
Адабиётлар
- Тўраев Ҳ. Бухоро тарихи ёзма манбалари. Бухоро: Дурдона, 2023 — 204-бет.
- Ибн Ҳавқал. Китоб сурат ал-ард. Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2011 — 400-бет.