Куйиш (тиббиётда) — юқори ҳарорат, кимёвий моддалар (ишқор, кислота, оғир металларнинг тузлари ва бошқалар), электр токи ва радиоактив нурлар таъсирида тўқималарнинг шикастланиши. Шунга кўра, термик куйиш, кимёвий моддалар ва нурлар таъсирида куйиш фарқ қилинади. Турмуш ва ишлаб чиқаришда юқори ҳарорат таъсирида куйиш, яъни термик куйиш кўпроқ учрайди.

Тўқималарнинг зарарланишига қараб куйишнинг 4 даражаси фарқланади: И даражада — тери қизариб, бир оз шишади, 4—5 кундан сўнг тузала бошлайди. ИИ даражада — қизарган тери юзасида тиниқ, сарғиш, суюқлик билан тўла пуфакчалар пайдо бўлади, улар ёрилганда терининг юза қавати очилиб, оғриб туради. Ярага инфексия тушмаса, 10—15 кунда чандиқсиз тузалади. ИИИ даражада — терининг ҳамма қавати шикастланади, ўлади (тери усти қорайиб кетади — некроз). ИВ даражада — тери ва тери ости тўқималари (пай, мускуллар ва ҳатто суяклар) куйиб кўмирга айланади. Одатда, куйган жой жуда секин тузалади, кўпинча ўша жойда чуқур чандиқлар пайдо бўлади. Айниқса, киши юзидаги чандиқлар ҳуснни бузади, эстетик ноқулайлик туғдиради. Бўйин ва бўғим атрофидаги чандиқлар (оғир турлари) улар ҳаракатини чеклаб қўйиши мумкин (контрактура).

Куйишнинг оғир-енгиллиги фақат куйиш даражасига қараб эмас, балки қанча жой куйганлигига, яъни шикастланган кишининг бутун гавда юзасига қараб (% ҳисобида) аниқланади.

Биринчи ёрдам

Куйишда бериладиган биринчи ёрдам тутаётган, ёнган ёки кимёвий моддалар тўкилган кийимни ечиб ёки қирқиб олиш, куйган жойга асептик боғлов қўйишдан иборат. Кам даражадаги куйишларда совуқ сувда ювиб туриш етарли бўлади. И даражали куйишда куйган жойга 79° ли спирт, ароқ, одеколон, маргансовканинг нимранг, сувли эритмаси суртилади. Тананинг кўп қисми куйганда беморни тезлик билан даволаш муассасасига олиб бориш керак. Биринчи ёрдам кўрсатишда куйган жойдаги пуфакчаларни ёриш, ҳар хил малҳамлар қўйиш, хусусан, турли матолар боғлаш ярамайди[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил