Muhammad Kardariy Bazzoziy
Бу мақолага бошқа бирорта саҳифадан
ишорат йўқ. (август 2024) |
Муҳаммад Кардарий Баззозий(арабча:محمد كرداري بزوزي — Муҳаммад Кардарий Баззозий — Тўлиқ исми: Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Шиҳоб ибн Юсуф ибн Умар ибн Аҳмад Кардарий Баззозий Хоразмий (1329—1413)) — Фақиҳ.
Муҳаммад Кардарий Баззозий | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Таваллуди | 1329-йил |
| Вафоти | 1413-йил |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | Фақиҳ |
Ҳаёти
Муҳаммад Кардарий Баззозий ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳ олимларидан бири бўлиб, вафот этган жойи Кардар шаҳарига нисбат берилган. Тарихий маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, Кардарнинг шаҳар сифатида шаклланишида милоднинг ИИИ асрига келиб, Кардар каналининг мазкур ҳудудга етиб келиши асосий омил бўлган. Шунингдек, мазкур канал яқинидаги „Баратқин“ қишлоғи аҳолисини ҳам кардарликлар деб номлаганлар. Масалан: Абдусаттор Кардарий ҳам баратқинлик бўлган. Шаҳарнинг канал яқинида жойлашиши деҳқончилик, балиқчилик ва чорвачилик соҳаларининг ривож топганини англаца, унинг Буюк Ипак йўли ҳамда Хоразм воҳаси таркибида экани эса Кардар шаҳри тараққиётининг давомийлигини англатади. Кардар маданияти икки босқичга бўлинади: биринчи босқич ВИ-ВИИИ асрларга тўғри келиб, Қуюқ-қалъа, Гурганч ва Тўк-қалъанинг қуйи қисмини ўз ичига қамраб олади. Иккинчи босқич эса, ИХ-ХИ асрлар билан боғлиқ бўлиб, Тўк-қалъанинг юқори қисми ва Ҳайвон-қалъани ўз ичига олади.
Фаолияти
Ғарб адабиётлари ҳамда араб тилидаги китобларда Кардар сўзи — „Курдар“ шаклида берилади. Кардарлик олимлар тасниф этган қўлёзмаларда эса, унинг „Кардар“ деб юритилиши кузатилади. Айни Кардар шакли кўпчилик томонидан қабул қилинган. Бизнингча, Курдар шакли араб тилидаги „в“ ҳарфининг иккинчи ҳарф ўрнига қўшиб ёзилиши натижасида келиб чиққан. Бу жой номи ҳақида Ғарб олимлари ҳам асосан араб тилидаги манбалардан фойдаланганлар. Муҳаммад Кардарий Баззозийнинг „Баззозий“ (Баззоз (араб.) — газлама сотувчи, газламачи маъноларини англатади) деб аталишига қараганда, газлама тижорати билан шуғулланган. Муҳаммад Кардарий Баззозий илк таҳсилини отаси Носируддин Кардарийдан олиб, кейинчалик ўз илмини бошқа устозларидан янада такомиллаштирган. Отасининг тўлиқ исми: Муҳаммад ибн Шиҳоб ибн Юсуф ибн Умар ибн Аҳмад Носируддин Кардарий бўлиб, фуруъ, усул, мантиқ илмларини яхши билган ва шу илмлардан сабоқ берган. Муҳаммад Кардарий Баззозий фиқҳ илмини „Ал-кифоя фи шарҳи-л-Ҳидоя“ асарининг муаллифи Саййид Жалолиддин Кирмонийдан ўрганган. Муҳаммад Кардарий илм талабида Самарқанд, Бухоро, Болгария, Қрим, Туркия ва Макка шаҳарларига сафар қилган. Муҳаммад Кардарий Баззозий бир нечта асар ёзган бўлиб, улардан энг машҳури „Ал-жомиъу-л-важиз“ („Мухтасар тўплам“) асаридир. Мазкур асар халқ орасида „Ал-фатовоу-л-Баззозия“ („Баззозий фатволари“) номи билан машҳур. Ушбу асарда фиқҳий масалаларни ечишда раъй, қиёс, истиҳсондан фойдаланиш ва уларни қўллаш услублари ўз ифодасини топган. Муҳаммад Кардарий Баззозийнинг „Ал-жомиъу-л-важиз“ асари 1516-17-йилларда Туркия орқали машриқ диёрларига тарқалган. Мазкур асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари ТИУ, Абу Райҳон Беруний номидаги СҲҚМда, Мичиган ун-ти кутубхонаси, Яман, Рим қўлёзмалар фонди, Искандария, Сулаймония, Боязид, Оксфорд университети, Қувайт кутубхоналарида сақланмоқда. Асарда ислом ҳуқуқи тарихи, темурийлар тарихига оид қимматли маълумотлар берилиши билан бирга, қатор долзарб масалалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Унда Абуллайс Самарқандий, Сарахсий, Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Хуросоний, Имом Насафий каби фақиҳлар билан бирга Имом Шофиъий фикрларининг келтирилиши унда қиёсий ҳуқуқшунослик масалалари ҳам кенг ва батафсил ёритилганлигини кўрсатади. Асар „Китобу-т-таҳора“ („Таҳорат китоби“) билан бошланиб, „Китобу-л-фароиз“ („Мерос китоби“) билан якунланади. Асарда насс билан бирга ҳанафий мазҳабидаги буюк фақиҳларнинг сара фатволари жамланган бўлиб, мазкур фатволар долзарб ва ишончлилиги билан ўз даврининг муҳим манбаларидан ҳисобланган бўлса, унда келтирилган муҳим масалалар, тарихий вазиятлар бугунги кун учун аҳамиятлидир. Шунингдек, асарда илм, инсон қалби, ижтимоий ҳимоя, инсон ҳаёти хавфсизлиги, ижтимоий адолат, ақидавий ва бугунги кунимизгача долзарб бўлиб келган бошқа масалалар келтирилган. Бундан ташқари, Муҳаммад Кардарий Баззозийнинг „Мано-қиб имоми-л-Аъзам Аби Ҳанифа“, „Мух-тасар фи баён таърифати-л-аҳком“, „Адабу-л-қозий“ каби асар ислом дунёси бўйлаб тарқалган. „Маноқиб имоми-л-Аъзам Аби Ҳанифа“ асари халқ орасида „Маноқиби Кардарий“ номи билан машҳур бўлиб, Абу Ҳанифа ҳақидаги манбалардан иборат жуда машҳур ва мақбул китоблардан ҳисобланади. Кўпгина муаллифлар ўзларининг китобларида, жумладан, етук араб олими Имом Абу Заҳро ушбу асарда Абу Ҳанифа ҳақида келтирилган маълумотлардан фойдаланганлар. Китоб муқаддима ва ўн бир бобдан ташкил топган. Муқаддимада саҳобийлар ва тобиъийнлар ҳақида, биринчи бобда эса Абу Ҳанифа, иккинчи бобда Имом Абу Юсуф, учинчи бобда Имом Муҳаммад, тўртинчи бобда Абдуллоҳ ибн Муборак, бешинчи бобда Имом Зуфар, олтинчи бобда Довуд Тоий, еттинчи бобда Вакиъ ибн Жарроҳ, саккизинчи бобда Ҳафс ибн Ғиёс, тўққизинчи бобда Яҳё ибн Закариё, ўнинчи бобда Ҳасад ибн Зиёд, ўн биринчи бобда Абу Ҳанифанинг бошқа шогирдлари ҳақида маълумотлар берилган. Бу асар Туркия ва бошқа ерларда жуда машҳур бўлган. Асарнинг тошбосма нусхаси 1903-йили Ҳайдаробод шаҳридаги „Доирату-л-маъориф“ нашриётида чоп этилган. Муҳаммад Кардарий Баззозийнинг шогирдлари кўп бўлган. Муҳиддин Муҳаммад ибн Сулаймон Кофижий, Аҳмад ибн Фазл Хожитархоний, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳ, Аҳмад ибн Абдуллоҳ, Шарафуддин ибн Камоллар шулар жумласидандир. Улар ҳанафий мазҳаби бўйича етук фақиҳлар бўлиб етишиб, шу мазҳаб ривожига юксак ҳисса қўшганлар. Муҳаммад Кардарий Баззозий „Ал-кофий“, „Ал-ҳидоя“, „Мух-тасару-л-Қудурий“, „Ал-муфассал“ каби фиқҳий асаридан дарс берган. Бу эса, Муҳаммад Кардарий Баззозийнинг ислом ҳуқуқшунослигидаги аниқ ҳуқуқий-меъёрий ва иккинчи даражали масалаларга оид ёзилган манбаларни фарқлай олганлигини кўрсатади. Темурийлар давлати тараққиёти натижасида вужудга келган ҳар томонлама қулай шароит олимларнинг кенг кўламда ижод этишларига имконият яратган. Буюк олим, фақиҳ Муҳаммад Кардарий Баззозийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти мустақиллик йилларида ўрганила бошланди, бу мавзуда илмий мақолалар Ўзбекистон ва хориждаги илмий журналларда чоп этилди. Алломанинг „Ал-жомиъу-л-важиз“ асари бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.[1]
Асарлари
- „Ал-жомиъу-л-важиз“,
- „Маноқиб имоми-л-Аъзам Аби Ҳанифа“,
- „Мухтасар фи баён таърифати-л-аҳком“,
- „Адабу-л-қозий“.
Манбалар
- ↑ Юртимиз алломалари. — Б. 199-203.