Muhammad ibn Mahmud Ustrushaniy
Бу мақолага бошқа бирорта саҳифадан
ишорат йўқ. (август 2024) |
Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний (ваф. ХИИИ аср) — фақиҳ.
Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | фақиҳ |
Абулфатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин Уструшаний ХИИ асрнинг охири ва ХИИИ асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган алломалардан биридир. Олим Уструшанада туғилиб, кейин оиласи билан Самарқандга кўчиб ўтади ва шу ерда ижодий фаолият олиб боради. Уструшанийнинг ҳаётлик даври Самарқанд фиқҳ мактаби ривожининг сўнгги даври ва мўғуллар истилосининг дастлабки босқичига тўғри келади[1]. Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг илмий меросини ўрганиш орқали мўғуллар истилосидан кейинги дастлабки йиллар жамиятда фақиҳларнинг ўрнини белгилашга тааллуқли масалаларга ойдинлик киритишга имкон яратилади. Шарқ мусулмон мамлакатларида тасниф этилган табақот туркумидаги манбаларда Муҳаммад ибн Маҳмуд Маждуддин Уструшаний илмий-маънавий мероси ҳақида умумий маълумот бериб ўтилган. Жумладан, Абулвафо Қураший (ваф. 1373 й.), Ҳожи Халифа (ваф. 1657 й.), Абдулҳай Лакнавий (ваф. 1886 й.) ва Хайруддин Зириклий (1898—1976) каби биографлар асарларида Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг таржимаи ҳоли ва унинг икки асари ҳақида маълумотлар келтирилган. Туркиялик Аҳмед Узел ўз тадқиқотида Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний илмий мероси тўғрисидаги қисқа маълумотларни баён этган. Яна бир туркиялик олим Холит Унал эса Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг қисқача таржимаи ҳоли ва унинг „Ал-фатово“ („Фатволар“) асари бўйича дастлабки маълумотларни келтирган. Хорижий Шарқ мусулмон мамлакатлари замонавий тадқиқотчилари Абдулҳамид Абдулхолиқ Байзалий, Абу Мусаб Бадрий ҳамда Маҳмуд Абдурраҳмон Абдулмуним кабилар Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг „Жомиъ аҳкоми-с-сиғор“ („Кичик ҳукмлар тўплами“) асарини янгидан нашр қилганлар. Саудиялик Фаҳд ибн Носир ибн Фаррож Фаридий, Абдурраҳмон ибн Усмон Муршид, Сулаймон Хамис каби тадқиқотчилар алломанинг „Китобу-л-фусул“ („Фасллар китоби“) асари асосида тадқиқот иши олиб борганлар. Тадқиқотчи А. Мўминов ўзининг номзодлик диссертациясида Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг илмий меросига қисқача тўхталиб ўтган. Аммо юқорида зикр этилган ишларда Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг ҳаёти ва унинг илмий мероси комплекс равишда тадқиқ қилинмаган. Уларнинг изланишларида алломанинг исмигина таъкидлаб ўтилган бўлиб, уларнинг бош илмий мақсади Маждуддин Уструшанийнинг асари матнини нашр этишдан иборат бўлган. Карл Броккелман Муқаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг илмий мероси ҳақида умумий тарздаги мухтасар маълумотларни келтириш билан кифояланган, холос. Тадқиқот жараёнида олимнинг ЎзР ФА ШИ сақланаётган қўлёзмалардан бирида унинг замона илмий жамоатчилиги эътиборидан четда қолиб келаётган „Ал-асъила ва-л-ажвиба“ („Саволлар ва жавоблар“) асари мавжудлиги аниқланди. Бу асар ҳанузгача ҳеч бир табақот жанрига оид асарларда қайд этилмаган. Мавжуд манба ва тадқиқотларда Маждуддин Уструшаний 632/1234-35 йилда вафот этган, деб қайд этилиб, туғилган йили эса зикр этилмаган эди. Аммо олимнинг ўзи „Ал-асъила ва-л-ажвиба“ асарининг хотима қисмида шундай ёзган: „…Лекин кунлар 60 ёшли оқсок, кампир сингари ўз ёпинчиғига ўралиб, мендан юз ўгириб кетди. …Китобни тамомлаш тонги ҳижрий 637 сананинг Зулқаъда ойининг олтинчи куни пешиндан олдинроқ ёришди“. Агар мазкур ахборот инобатга олинса, олим ҳижрий 637/1240-йилда ҳали ҳаёт, ёши эса 60 да бўлгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин. Демак, Маждуддин Уструшанийнинг бошқа мавжуд манбаларда кўрсатилган 632/1234-35 йилдаги вафоти нотўғри бўлиб чиқади. Агарда олим ушбу асарини 637/1240-йил 28-майда 60 ёшида тугатган бўлса, демак, унинг туғилган санасини 577/1180-йил атрофида деб фараз қилиш мумкин. Яъни асар ёзиб тугатилган санадан 60 ёшни чегириб ташланса, олимнинг туғилган йили ойдинлашади. Аммо олимнинг вафот санаси номаълумлигича қолмоқда. Юқоридаги маълумотларга таяниб, аллома тахминан 637/1240-йилдан сўнг вафот этган дейишимиз мумкин[2].
Асарлари
Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Маждуддин Уструшанийнинг илмий-маънавий меросини „Китобу-л-фусул“ („Фасллар китоби“), „Жомиъ аҳкоми-с-сиғор“ („Кичик ҳукмлар тўплами“), „Ал-фатово“, („Фатволар“) „Ал-қуруз ва-д-дуюн“ („Муддациз ва муддатли қарзлар“) ва „Ал-асъила ва-л-ажвиба“ („Саволлар ва жавоблар“) каби асарлари ташкил этади.
Адабиётлар
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўрта аср Шарқ алломалари энсиклопедияси маълумотларидан фойдаланилган. |