Muhammir Burhonov
Муҳаммир ёки Муаммир Бурҳонов (1897-йил, Бухоро — 1937-йил, Тошкент) — Жадидчилик ҳаракати аъзоларидан бири. Ўзбекистон Республикаси Мадҳиясининг бастакори Мутал Бурҳоновнинг кенжа амакиси. Қатағон қурбони бўлган.
| Муҳаммир Бурҳонов | |
|---|---|
| Таваллуди |
1897-йил |
| Вафоти |
1937-йил Тошкент |
| Фуқаролиги | Бухоро амирлиги, Бухоро Халқ Совет Республикаси, СССР |
| Таълими | Туркия университетлари |
| Касби | Ўқитувчи |
| Фаолият йиллари | 1914—1936 |
| Турмуш ўртоғи |
Назмияхоним Маҳфузахон |
Биографияси
1897-йилда Бухоро амирлиги пойтахти Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бурҳонлар сулоласи илк ўрта асрлардан бошлаб Бухородаги бадавлат хонадонлардан ҳисобланган. ХХ аср бошларидан бошлаб сулола вакиллари Бухородаги жадидчилик ҳаракатида муҳим ўрин тута бошлашган. Муҳаммир жадид мактаби ва мадрасасида та‘лимнинг илк босқичини олади. Шундан сўнг 1912-йилда Туркияга ўқишга юборилади. У „Ёш бухороликлар“ жамиятининг Туркиядаги „Таъмими маориф“ уюшмаси ташкилотчиларидан бири бўлган. 1914-йилдан 1921-йилгача Туркиянинг Бурса, Эски шаҳар, Костумания шаҳарларида ўқиган, ўқиш билан бирга муаллимлик қилди. Бухорода амир ҳокимияти ағдарилиб, „Ёш бухороликлар“нинг ҳокимиятга келганидан хабар топиб, 1921-йилда Бухорога қайтиб келади. Муҳаммир Бурҳонов 1921-йилнинг кузида Бухоро шаҳар милицияси бошлиғи этиб тайинланади. 1921-йилдан 1923-йилгача БХСР милиция нозири ўринбосари бўлган. Ундан сўнг уч ой мобайнида БХСР Нозирлар кенгаши раиси котиби вазифаларини бажарган. 1923-йилнинг саккиз ой давомида Чоржўй вилояти милиция бошлиғи сифатида фаолият юритади. 1923—1924-йилларда олти ойча Шаҳрисабз милиция бошлиғи лавозимларида иш олиб борган. 1923-йилда Лаби Ҳовуз ёнидаги кинозалда юз берган ёнғин сабали ўғли Музаффардан айрилиб қолган Назмияхоним кичик ўғли Мустафони олиб Истанбулга қайтиб кетади.
Муҳаммир Бурҳонов 1924-йилнинг апрел ойида хотини ва ўғлини олиб келиш ниятида яна Туркияга сафарга кетади. Бироқ, ўғлининг соғлиғи яхши эмаслиги ва хотини Назмияхоним Бухорога келишни истамагани сабабли икки йилдан ортиқроқ вақт мобайнида Туркияда қолиб кетишига тўғри келади. Муҳаммир Бурҳоновнинг бу сафарги Туркия давлатига саёҳати совет маъмурлари томонидан Усмон Хўжаевга катта миқдордаги маблағ етказганлик ва Туркия давлатидан БХСР ҳукуматини қўллаб-қувватлаш ёхуд дунё ҳамжамиятидан унинг мустақиллигини сақлаб қолишда ёрдам умиди сифатида талқин қилинади[1]. Муаммир Бурҳонов 1926-йилнинг июнида Бухоро шаҳрига қайтади. Бироқ, шундан сўнг ҳукумат лавозимларидан бутунлай воз кечиб, фақат муаллимлик билан шуғулланади. Бухоро вилоят ўқитувчилар уюшмаси аъзоси ва Самарқандга кўчиб келгач ҳудуддаги 5-мактабда ўқитувчилик қилади. 1937-йилнинг 23-майида Муаммир Бурҳоновни „Миллий иттиҳод“ аъзоси, милицияда ишлаб юрган вақтида совет армиясига қарши қўрбошиларни қўллаб-қувватлаган, 1924—1926-йиллари Туркия давлатида бўлиб, чет мамлакатларидан Совет Иттифоқига қарши курашда ёрдам сўраган каби айблар билан ҳибсга олишга қарор чиқарилади. Аммо қарор бироз кечиктирилиб, 1937-йилнинг 2-июнида уни қамоққа олиш тўғрисида ордер берилган.
Муҳаммир Бурҳонов 1937-йил 13-июн куни сўроқда ўзининг 1921—1922-йилларда Файзулла Хўжаев ва Усмон Хўжаевлар раҳбарлигидаги „Иттиҳод ва тараққий“ партияси аъзоси бўлгани ҳамда Тошкентда Мунавварқори Абдурашиудхонов очган „Миллий иттиҳод“ ташкилоти билан яқин алоқада бўлганлигини тан олади[2].
Оиласи
Бурҳоновнинг иккинчи турмуш ўртоғи Маҳфузахон (25 ёш) ҳам ўқитувчи бўлган.
Ўлими
Муҳаммир Бурҳонов 1937-йил 14-октябрда ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Манбалар
- ↑ „Бухоро амири томонидан 14 ёшида зиндонга ташланган ўсмир, илк ўзбек математиги ва Файзулла Хўжаевнинг шахсий котибига айланган Бурҳоновлар сулоласи вакиллари қисмати“. ойина.уз (2023-йил 20-январ). Қаралди: 21-июл 2023-йил.
- ↑ „Муаммир Бурҳонов“ (замин.уз). 2023-йил 21-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2023-йил 21-июл.