Мужтаҳид (арабча: интилувчи, ғайрат қилувчи) — ўрта асрларда исломда ижтиҳод ҳуқуқига эга бўлган, яъни мустақил равишда диний ақидавий ва ҳуқуқий масалалар бўйича хулоса бера оладиган ва ҳукм чиқара оладиган шахс. Аҳли Сунна вал Жамоада диний ҳуқуқ мазҳабларининг асосчилари, шиаларда юқори мартабали руҳонийлар ва диний ҳуқуқшунослар мужтаҳидлар деб аталади.

Ислом уламолари иттифоқига кўра, Муҳаммад (а.с)нинг кўп саҳобалари ҳам мужтаҳид бўлганлар. Чунки кейинги авлодлар улардан исломнинг аввалидаги фикдий илмларни олганлар. ВИИИ асрнинг 2-ярмидан бошлаб мазҳаб асосчилари ва уларнинг усулларини ишлаб чиққан издошлари мужтаҳид деб атала бошланган. Мужтаҳидлар 3 даражага ажратилган:

  1. Шариат даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фиш-шар) — у амалиётда қўллаган манбаларини ўзи аниқлаган, ўзи шарҳлаган. У ҳеч кимнинг эътирозини қабул қилмаслиги мумкин бўлган;
  2. Мазҳаб даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид филмазҳаб) — у ҳар қандай масалани фақат ўз мазҳаби асосчиси манбаларига суянган ҳолда ҳал этган;
  3. Айрим масалаларни ечиш даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фи-ттаржих) — у ўзидан аввалги мужтаҳидлар ҳал этмаган масалаларни тадқиқ этиш ҳуқуқига эга бўлган. Агарда кўрилаётган масала бўйича ҳукмлар бир неча бўлса, у ўзининг илмий салоҳиятига кўра улардан бирини қувватлаши мумкин бўлган.

Мужтаҳид даражасига даъвогар фақиҳ фиқҳий билимларни мукаммал эгаллаган, бошқа мужтаҳидлар билан бўладиган мунозараларда ва оммавий чиқишларда ўз қарашларини ҳимоя қилиши лозим бўлган. Ундан ташқари, мужтаҳид араб тилини мукаммал эгаллаган, Қуръон ва унинг тафсилотларини ёд олган, камида 3 минг ҳадисни шарҳлари билан билиши шарт бўлган.

Мужтаҳид одоб-ахлоқи, турмуш тарзи намунали бўлиши лозим. Ҳатто исломнинг дастлабки даврларида ҳам фақиҳлар ижтиҳоднинг биринчи ва иккинчи даражасига камдан кам ҳолларда эришганлар. Кўпинча улар вафотидан сўнг шу даражада эътироф этилганлар. Суннийликда олий даражадаги мужтаҳидлар деб мазҳаблар асосчилари эътироф этилади. Ҳозирги вақтда айрим муфтийлар, йирик жамоа (қавм)лар раҳбарлари, диний университетлар ректорлари ва бошқа баъзан учинчи даражадаги мужтаҳид деб эътироф қилинади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг фикрига кўра фатво бериш учун камида 400 минг ҳадис билиши керак. Мужтаҳид фиқҳ, усулул фиқҳ, араб тили, тафсир илми, ҳадисшунослик, ҳадис терминалогиясида чуқур билимга эга, дин манбаларини фарқлай оладиган, амалий билимга эга бўлган шахс ҳисобланади.

Манбалар