Ойротлар (мўғулча — бирлик, иттифоқдош, яқинлик, қўшничилик, ўрмонзорда яшовчилар) — ғарбий мўғуллар таркибига кирган чўрос, дербет, хўшоут ва тарғаут каби 4 улус, яъни қабилалар иттифоқининг умумий номи. О.ни "дербен ойрот" ("тўрт ойрот") деб ҳам аташган. Туркий халқлар О.ни "қалмоқ" деб атаган. О.нинг умумий сони ҳақида аниқ маълумот йўқ. О. илк бор 1204 йилга оид манбаларда қайд этилиб, Енисей дарёсининг юқори қисмида яшаган. Кейинчалик (ХВ аср) Шарқий Туркистоннинг шим. қисмидаги (Жунғория) яйловларига жойлашган. ХВИИ аср бошларигача О.га хўшоутлар сардори (тайжи) етакчилик қилган, кейин ушбу лавозим таркибида турклар кўпроқ бўлган чўрос улуси бошлиғи қўлига ўтган. О.нинг ҳаёти чорвачиликка асосланган, шу билан бирга улар овчилик, деҳкрнчилик, ҳунармандчилик билан ҳам шуғулланади. О.нинг ёзуви қад. уйғур ёзувига асосланган. Диндорлари — Тибет будда динидан, унинг "сариқ дин" (хитойча "хуангжяо") оқимига эътиқод қилади. Шу боис Тибетнинг маркази Лхасадаги ибодатхонани зиёрат қилиш О. учун ҳаж қилиш билан тенг бўлган. О. жамиятида мавжуд бўлган қоидалар Чингизхон давридаги қонунлар асосида битилган. "Ойротмўғул тузуги"га асосланган.

Манжурлар томонидан Хитойда таш-кил этилган Син (Чин) империяси (1644—1911)нинг О. давлатини тугатиши (қаранг Ойрот хонлиги), О. учун катта фожиа бўлган. О. ярим аср мобайнида хитойликларга қаршилик кўрсатиб нафақат давлат тузумидан, балки 600 минг кишидан иборат аҳолисининг 5/6 қисмидан ажралган. О.нинг тирик қолган қисми Шарқий Туркистон, Мўғулистон ва Хитойнинг ғарбий ўлкаларига тарқатиб юборилган.

Абдулаҳад Хўжаев.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил