Qorayish
Қорайиш (терининг қорайиши) — одам терисининг қуёш нури ёки сунъий манбалар (симобли кварс лампалари) таъсирида қорамтир тус олиши, баданнинг тобланиши. Бунда ултрабинафша нурлар таъсирида терининг мугуз қаватида меланин пигменти тўпланади ва тери қорамтир тусга киради. Ултрабинафша нурлар таъсирида организмда нерв системаси ва ички секреция безлари фаолиятини кучайтирадиган, биологик фаол моддалар ҳосил бўлади, моддалар алмашинуви яхшиланади, организмнинг юқумли касалликларга қаршилиги ортади. Бундан ташқари, ултрабинафша нурлар таъсирида ёғ безларидан чиқадиган ёғ таркибидаги эргостерин моддасидан витамин Д ҳосил бўлади. Бу витамин суяк системаси учун жуда зарур бўлиб у етишмаганда рахит пайдо бўлади, калсийнинг ичакдан қонга сўрилишини таъминлайди.
Қорайиш киши организмининг ҳимоя реаксияси бўлиб, ултрабинафша нурлар таъсирида терининг базал қават ҳужайралари яхши ўсади, мугуз қават қалинлашади, натижада у ултрабинафша нурларни терининг ички қаватларига ўтказмайди, ҳужайраларни нобуд бўлишидан ва қуёш нури таъсирида терини куйиш ёки офтоб уришидан сақлайди.
Терлаш ҳам кишини офтоб уришидан ҳимоя қилувчи омиллардан ҳисобланиб, киши терлаганда тер таркибидаги уроканин кислота ултрабинафша нурларни кўп ютади, натижада организм қуёш нури таъсиридан сақланиб қолади. қорайиш аста-секин амалга оширилиши лозим. Биринчи куни офтобда 10— 15 мин. ўтириш ва кейинчалик ҳар куни 10 мин.дан ошириб бориш керак. Офтобда 1 — 1,5 соатдан ортиқ ўтирмаслик зарур. Иссиқ ва ўртача иқлимда яшовчи кишилар соат 11 — 12 гача офтобда тобланишлари мақсадга мувофиқ. Бунда бошга рўмол ўраш ёки чети кенг шляпа кийиб, қора кўзойнак тақиб олиш керак. Кўз шиллиқ пардасида қуёш нуридан сақлайдиган қават йўқлигидан улар яллиғланиб қолиши (конъюнктивит) мумкин. Қорин очлигида ёки овқатланган заҳоти офтобда тобланишга рухсат этилмайди; кун тиғида ухлаш ниҳоятда хавфли. Тез қорайиш мақсадида қуёш нурида кўп ўтириш натижасида бетоблик аломатлари (лоҳаслик, асабийлашиш, бош оғриғи, уйқусизлик, эт увишиши, ҳарорат кўтарилиши) дан ташқари тери куйиши ёки офтоб уриши мумкин.
Агар қуёш нурида тоблангандан кейин тери ачишиб қизарса, қизарган жойга қатиқ, атир ёки арақ суртиш, тери асл ҳолига келмагунча қуёш ванналари қабул қилмаслик керак. Терининг қизарган жойлари шишиб, пуфакчалар пайдо бўлса, врачга мурожаат қилиш лозим. Қорайиш ҳамма учун ҳам фойдали деб бўлмайди. Кекса кишилар, 2 ёшгача бўлган брлалар, ҳомиладор аёллар, шунингдек, ўпка сили, юрак-томир касаллиги, неврастения, қизил волчанка билан оғриган беморлар қуёш нурида тобланмаганлари маъқул, агар тобланиш зарур бўлса, албатта, шифокор маслаҳати билан қилиш керак.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Тиббиётга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |