Раҳматулло Ҳамидович Зойиров (тожикча: Раҳматулло Ҳамидович Зойиров, 1957-йил, 16-март, Боғистон, Бўстонлиқ тумани, ЎзССР) – тожик сиёсатчиси ва ҳуқуқ фаоли, ҳуқуқшунос олим, доцент, ҳуқуқ фанлари номзоди, полиглот, диссидент ва мухолифатчи. 2002-йил декабридан мухолифатдаги Тожикистон Социал-демократик партияси асосчиси ва раҳбари.

Раҳматулло Ҳамидович Зойиров тожикча: Раҳматулло Ҳамидович Зойиров
Таваллуди 16-март 1957-йил
Боғистон, Бўстонлиқ тумани, Тошкент вилояти, Ўзбекистон ССР[1]
Фуқаролиги SSSR bayrogʻi СССР → Tojikiston bayrogʻi Тожикистон
Соҳаси Сиёсатчи, ҳуқуқ фаоли, ҳуқуқшунос олим
Таълими Ф. Э. Дзержинский номидаги Харков юридик институти
Мукофотлари "Gvardiya" koʻkrak nishoni "Sovet armiyasi aʼlochisi"
Дини Ислом (Ҳанафийлик)

Таржимаи ҳоли

Раҳматулло Зойиров 1957-йил 16-март куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Чорбоқ сув омбори яқинида Боғистон қишлоғида ишчи оиласида туғилган. Отаси – Андуҳамид Зойиров машҳур меъмор ва қурувчи бўлган. 1975-йилда ўзининг қишлоғидаги ўрта мактабни тамомлаган. Мактаб даврида мактаб комсомоли котиби, туман комсомол бюроси аъзоси бўлган. Ҳарбий хизматни 1977—1979-йилларда Совет Армияси сафида Шарқий Германияда ўтаган ва катта сержант унвонини олган. Армияда хизмат қилаётганида комсомол комитети котибларидан бири ҳамда КПСС аъзолигига номзод бўлган. Ҳарбий хизмат давомида ўзининг биринчи медалларини – „Гвардия“ кўкрак нишони ҳамда „Совет армияси аълочиси“ кўкрак нишонини олган. Армиядан қайтгач, меҳнат фаолиятини ЎзССР Тошкент вилояти Оржоникидзе туманида партия ходими сифатида бошлаган[2].

1979—1983-йилларда Украина ССРдаги Харков юридик институтида ўқиган. 1980-йил КПСС аъзолигига қабул қилинган ва партия мактабида ўқиш давомида АҚШнинг иккита мактабида юриспруденсия бўйича КПССнинг намунали аъзоси сифатида қисқа муддатли амалиёт ўтаган. Унинг сўзларига кўра, айнан АҚШда бўлгани ва у ердаги ҳаётни ўз кўзи билан кўргани дунёқарашини демократия ва капитализм томон тубдан ўзгартирган. Юриспруденсия бўйича илмий ишларини 1982-йилдан нашр эта бошлаган. Киевдаги Ҳуқуқ академияси аспирантурасини тамомлаган. Бир қанча вақт Харковдаги Ф. Э. Дзержинский номидаги Харков юридик институтининг (ҳозирги Ярослав мудрий номидаги Миллий юридик университети) нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаган. 1986—1988-йилларда КПСС қошидаги Марксизм—ленинизм университетининг Хабаровск бўлимида таҳсил олган. 1988-йилда, „қайта қуриш“ йилларида у Узоқ Шарқ диссидентлари билан яқин алоқада бўлган Биробиджандаги (Яҳудийлар мухтор вилояти) сиёсий мунозаралар клубининг асосчиларидан бирига айланган. Айни йилда Тожик ССРга қайтиб келди ва Душанбеда ушбу клубнинг муқобили яратди, клуб Тожик ССР тарихидаги биринчи ноҳукумат ташкилот бўлди[2]. 1989-йилда Ҳуқуқий таълим миллий марказини (2000-йилдан „Тожикистон юридик консорсиуми“ НТ) ташкил қилди[3].

1989-йилда Тожикистон ССР Олий Кенгашига бўлиб ўтган сайловда қатнашиб, ўзининг университети жамоаси томонидан номзоди кўрсатилган, аммо „Растохез“ миллий демократик ҳаракати етакчиларидан бири Мирбобо Мирраҳимовга ютқазиб қўйган[4].

1990-йилларда Тожикистоннинг бошқа мамлакатлардаги турли сайловлар, жумладан 1994 ва 1998-йиллардаги АҚШ Конгресси сайловлари, 1996-йилги Россия президенти сайловлари ва 1999-йилги Россия парламенти сайловлари учун кузатувчи миссияларига раҳбарлик қилган. Тожикистон фуқаролар уруши даврида нисбатан бетарафликни сақлаган, оммавий ахборот воситаларига берган интервюларида ва халқаро учрашувлардаги чиқишларида доимий равишда мамлакат тинчлигини тарғиб қилган. 1993—1997-йилларда Тожикистон фанлар академияси халқаро ҳуқуқ кафедраси мудири, 1998—1999-йилларда Тожикистон Давлат педагогика университети ҳуқуқшунослик кафедраси мудири бўлган. 1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошларида у кўплаб собиқ Совет Иттифоқи республикаларига, хусусан, Украинага тез-тез бориб, маҳаллий университетларда ҳуқуқ ва юриспруденсия фанидан маърузалар ўқиган[2].

1998-йилда „Адолат ва тараққиёт“ партиясини тузди ва унга раҳбарлик қилди, кейинчалик партия Тожикистон Социал-демократик партияси деб номланди ва ҳозиргача унга етакчилик қилмоқда[2][5][6].

2001—2003-йилларда Раҳматилло Зойиров Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоновнинг ҳуқуқий масалалар ва халқаро сиёсат бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлади. 2002-йилда Тожикистон президентининг фармони билан унга иккинчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси унвони ва адлия генерал-лейтенанти унвони берилди. 2003-йилги конституциявий референдумдан сўнг у референдум мавзулари бўйича келишмовчиликлари сабабли барча лавозимларидан озод этилди[2].

Ҳозирда СДПТ раиси ва Тожикистон юридик консорсиуми раиси[3].

Сиёсатчининг ўзига кўра, 2013-йилдан 2018-йилгача у сиёсий фаолияти учун 11 марта жисмоний ҳужумга учраган[4].

Илмий фаолияти

Раҳматилло Зоиров таниқли ҳуқуқшунос олим, ҳуқуқ фанлари номзоди, ҳуқуқшунослик, конституциявий, жиноий ва халқаро ҳуқуқ, сиёсацҳунослик, иқтисод, тилшунослик ва Тожикистон тарихига оид 270 дан ортиқ илмий ишлар, мақола ва монографиялар, 30 дан ортиқ китоб ва рисолалар муаллифи. Тожикистон тарихи, форс-тожик адабиёти ва фиқҳ илмида шеърият ва фалсафага оид мақолалар муаллифи. Илмий фаолиятдан ташқари, у бир қатор посцовет мамлакатларида 20 йилдан ортиқ педагогик тажрибага эга, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича фаолият билан шуғулланади. Унинг иштирокида ҳуқуқшунослик соҳасида Тожикистон Республикасининг 30 дан ортиқ қонунлари ишлаб чиқилган[2].

Шахсий ҳаёти ва қизиқишлари

Раҳматилло Зоиров оилали, икки фарзанди ва бир неча неваралари бор. У она тили – тожик тилидан ташқари тўққиз тилда – рус, инглиз, немис, франсуз, украин, ўзбек, турк, форс ва дарий тилларида сўзлашади. Ёшлигидан спорт билан мунтазам шуғулланади, футболга қизиқади[2].

Манбалар

  1. ↑ Баъзи манбаларда унинг туғилган жойи Қозоғистон ССР Жанубий Қозоғистон вилояти Бўстандиқ тумани деб нотўғри кўрсатилган, ваҳолангки 1956-йил 13-февралда – Раҳматилло Зойиров туғилишидан бир йил аввал Бўстандиқ тумани Ўзбекистон ССР таркибига ўтказиб, номи Бўстонлиқ тумани деб ўзгартирилган
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 2,3 2,4 2,5 2,6 „Зойиров Рахматилло Хамидович“ (ру). «ЦентрАзия». Қаралди: 2020-йил 16-май.
  3. ↑ 3,0 3,1 „Организация - Таджикский юридический консорциум“ (ру). cонсортиумтж.wордпресс.cом. Қаралди: 2020-йил 16-май.
  4. ↑ 4,0 4,1 „Юбилей Рахматилло Зоирова – «Дон Кихота» таджикской политики“ (ру). Акҳбор-Рус.cом (2018-йил 16-март). Қаралди: 2020-йил 16-май.[сайт ишламайди]
  5. ↑ „Рахматилло Хамидович Зойиров“. Досье политиков и общественных деятелей, живущих в странах Центральной Азии, либо связанных с регионом (ру). СтанРадар. 2020-йил 12-апрелда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 16-май.
  6. ↑ Хурсанд Хуррамов, Муллораджаб Юсуфзода, Мумин Ахмади. „СДПТ не доверяет выборам, но не прочь попасть в парламент“ (ру). Озодлик радиоси тожик хизмати (2020-йил 24-январ). 2020-йил 2-мартда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2020-йил 16-май.

Ҳаволалар