Сароб Файйий (арабча: سروب فايي — Сароб Файйий) — ровий.

Сароб Файйий ИХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган. Файйий нисбаси Иштихонга қарашли қишлоқлардан бири бўлган "Фай"дан ясалган қишлоқ Иштихон ва Кушония оралиғида жойлашган. Абу Саъд Идрисий ўзининг „Китоб ал-камол“ ("Мукаммал асар") номли китобида шундай келтиради: „Менга Сароб Файйий муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ҳадис айтди (ёки Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳақида гапирди). Назаримда, Сароб Файйий Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан олдин вафот этган бўлса керак, валлоҳу аълам“.

Устози

У дастлабки таълимни она қишлоғи Файйдаги олимлардан олган. Кейинчалик Бухоро шаҳрига бориб, муҳаддис, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ҳадис илми сир-асрорларини ўрганган ва у зотдан ҳадислар ривоят қилган.

Шогирдлари

Сароб Файйийдан зоҳид Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Саҳл ва Шайх Муҳаммад ибн Ҳасан Самарқандий каби олимлар таълим олган ва ҳадислар ривоят қилган.

Ривоят қилган ҳадис

Нажмиддин Умар Насафийнинг „Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд“ китобида Сароб Файйийнинг Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан ривоят қилган қуйидаги ҳадис келтирилган: Сароб Файйий: Мен Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан эшитдим, — деди. У: Мен Али ибн Мадинийдан эшитдим, — деди. У: Мен Суфён ибн Уяйнадан эшитдим, — деди. "У: Албатта, Аллоҳ таоло иймондан олдин илмга буюрди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: "Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ"[1], — деди[2]. Ушбу оятдаги Аллоҳ таолонинг „Билгин“ деб хитоб қилиши ақида масаласида билим зарурлигига таъкиддир. Бу ишда кўр-кўрона тақлид фойда бермайди. Демак, "Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ", — деб этиқод қилиш, албатта, билим асосида бўлиши мақсадга мувофиқ бўлади[3].

Манбалар

  1. ↑ Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур — Т.: ТИУ, 2007. „Муҳаммад“ сураси 19-оят.
  2. ↑ Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд. — Теҳрон, 1999. 232.
  3. ↑ Исаэв Й., Аббосов А. Иштихоний алломалар. Имом Бухорий халқаро маркази. 2016. 70.