Шантарам — австралиялик ёзувчи Грегорй Давид Роберцнинг 2003-йилда ёзган романи. Унда қамоққа ҳукм қилинган австралиялик банк ўғриси ва героинга ружу қўйган кимсанинг Пентридге қамоқхонасидан қочиб, Ҳиндистонга яширингани ҳақида ҳикоя қилинади. Роман 1980-йиллардаги Мумабай ҳаётини ёрқин тасвирлагани учун кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган.

Маълумотларга кўра, романнинг ёзилишига муаллиф ҳаётидаги реал воқеалар туртки бўлган, бироқ Роберцнинг баъзи даъволари воқеанинг бошқа иштирокчилари томонидан инкор этилади.

Қисқача мазмуни

1978-йилда Роберц Австралияда ипотека-жамғарма уюшмалари филиаллари, кредит уюшмалари ва дўконларга қилинган бир қатор қуролли талончилик жиноятларида айбдор деб топилиб, 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 1980-йилнинг июл ойида у Викториядаги Пентридге қамоқхонасидан куппа-кундузи қочиб кетди ва натижада кейинги ўн йил давомида Австралияда энг қаттиқ қидирувда бўлган шахслардан бирига айланди.

Бош қаҳрамон Линдсай (китобга кўра, Роберцнинг сохта исми) Бомбейга Линдсай Форд номига берилган сохта паспорт билан келади. Мумбай Янги Зеландиядан Германияга йўл олган йигит учун шунчаки қўнимгоҳ бўлиши керак эди, аммо у шаҳарда қолишга қарор қилади. Тез орада Линдсай Прабакер исмли маҳаллий киши билан танишиб, уни гид сифатида ёллайди. Кўп ўтмай, Прабакер унинг дўстига айланиб, унга Лин (Линбаба) деб исм қўяди. Икковлон Прабакернинг она қишлоғи Сундерга боришади, у ерда эса Прабакернинг онаси Линга худди ўзиники каби маҳаллий махараштра исмини беришга қарор қилади. У йигитнинг табиатига хотиржамлик ва бахтиёрлик ато этилган деб ҳисоблаб, уни Шантарам, яъни „Худо тинчлик ато этган одам“ деб аташга аҳд қилади. Мумбайга қайтишда Лин ва Прабакерни тунаб кетишади. Бор-будидан айрилган Лин харобаларда яшашга мажбур бўлади, бу ер эса уни ҳукумат вакиллари кўзидан яширади. Харобага келган куни содир бўлган катта ёнғиндан сўнг, у маҳаллий аҳолига ёрдам бериш мақсадида бепул тиббий клиника ташкил этади. Бу тор муҳитда у маҳаллий маданият ва урф-одатларни ўрганади, ўзи дуч келган одамларни яқиндан таниб, уларга меҳр қўяди, ҳатто маҳаллий тил — маратҳи тилида равон гапирадиган бўлади. Шунингдек, у вабо тарқалиши ва даҳшатли ёнғинларга гувоҳ бўлиб, уларга қарши курашади, моховлар билан савдо-сотиқ қилади ҳамда бу гавжум ва ранг-баранг жамоада этник ҳамда оилавий низолар қандай ҳал қилинишини ўз кўзи билан кўради.

Романда келиб чиқиши турлича бўлган бир қатор чет элликлар, шунингдек, маҳаллий ҳиндлар тасвирланган бўлиб, бу орқали Мумбайдаги ҳаётнинг бой ва ранг-баранглиги кўрсатиб берилган. Лин швейсариялик-америкалик Карла исмли аёлга кўнгил қўяди, маҳаллий санъаткорлар ва актёрлар билан дўстлашади. Бу танишувлар унга бир нечта Болливуд филмларида оммавий саҳналарда рол ўйнаш имконини беради. Шунингдек, у Мумбай жиноят олами томонидан турли жиноий ишлар, жумладан, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғ савдоси учун ёлланади. Лин охир-оқибат Мумбайдаги Артҳур Роуд қамоқхонасига тушиб қолади. У ерда юзлаб бошқа маҳбуслар қатори ўта оғир ва хароб шароитларда кун кечириб, назоратчиларнинг шафқациз жисмоний ва руҳий тазйиқларига чидайди. Бироқ, афғон мафия сардори Абдул Ходирхоннинг ҳимояси туфайли Лин вақти келиб озодликка чиқади ҳамда қора бозорда валюта айирбошлаш ва паспортларни қалбакилаштириш билан шуғуллана бошлайди. Мафия топшириғи билан Африкагача бориб келган Лин, кейинчалик озодлик курашчилари бўлмиш мужоҳидларга яширинча қурол-яроғ етказиб бериш учун Афғонистонга йўл олади. Устози Ходирхон ўлдирилгач, Лин вақт ўтиб ўзи нафратланган кимсаларнинг бирига айланиб қолганини англаб етади ва Ҳиндистонга қайтгач, тушкунликка тушиб қолади. Шунда у ўзи тўғри деб билган нарсалар учун курашишга ва ҳалол ҳаёт кечиришга аҳд қилади. Асар унинг Шри-Ланкага кетишни режалаштириши билан якунланади, бу эса китобнинг мантиқий давоми учун замин яратади.