Singarmonizm
Унлилар Уйғунлиги ёки Сингармонизм(юн. сйн — бирга, ҳармониа — оҳангдошлик, уйғунлик) — асосан, туркий тилларда, қисман мўғул, тунгусманжур, фин-угор, палеоосиё тилларида учрайдиган фонетик ҳодисадир. Бунда муайян сўз шаклининг (ҳам асос, ҳам қўшимчалар) барча унлилари талаффуз (артикулясия) жиҳатдан бир турли уйғун бўлади. Унлилар уйғунлиги (Сингормонизм)нинг икки: олд ёки орқа қаторга мансублигига ёхуд лабланган ё лабланмаганлигига кўра тури бўлади. Унлилар уйғунлиги (Сингормонизм)нинг танглай гармонияси қонунига кўра сўзнинг бошида (ўзакда) тил олди унлиси келса, сўз ўртасидаги ва сўнгидаги унлилар ҳам тил олди бўлади. Аксинча, сўз бошида тил орқа унлиси келса, кейинги бўғинларда ҳам тил орқа унлиси келади. Масалан, ўзбек тилининг Қўқон шевасида бала сўзидаги унлилар олд қатор бўлганидан унга фақат шу турдаги унлилардан бўлган қўшимча қўшилади: балалар, шунингдек, қозоқ, тилидаги көлдер(кöлдер) ва қолдар(қолдар) сўзлари танглай гармонияси асосида талаффуз қилинади ва ёзилади. Унлилар уйғунлигининг бу тури ўзбек тилининг айрим шевалари (деярли барча қипчоқ шевалари, ўғуз шевалари, шимолий ўзбек шевалари)да ҳозирги кунгача тўлиқ сақланиб қолган. Лаб гармониясида унлилар ҳам тил олдилик ва тил орқалик, ҳам лаблашиш нуқтаи назаридан мослашади. Бундай мослашишни ҳозирги қирғиз тилидан мисол: колдор(қолдор), көлдөр(кöлдöр) кабилардир. Лаб уйғунлиги ўзбек тилида деярли учрамайди. Умуман, ҳозирги ўзбек адабий тили Унлилар уйғунлиги қонунларига деярли, бўйсунмайди. Эски ўзбек адабий тилида эса Унлилар уйғунлигига қонуни анча изчил ва айрим ҳолларда тўлиғича амал қилинган.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |