Сожийлар (ساجیان сâжийâн, Бану Сож номи билан ҳам танилган)(879 – 929) – Жанубий Озарбайжонда ҳукмронлик қилган сулола. Бу сулола вакиллари Афшин лақабига эга бўлишган[1]. Сожийлар Озарбайжон ва Арманистоннинг бир қисмини дастлаб Мароға ва Бардадан, кейин эса Ардабилдан бошқарган[2].

Келиб чиқиши

Сожийлар сулоласи Устрашонадан келиб чиққан деб ҳисобланса-да, уларнинг этник мансублиги мунозарали. Марказий Осиё тарихшунослигида Сожийлар Марказий Осиёдаги Уструшона вилоятидан бўлган қадимий туркларга мансуб деб қаралади[3]. Сожийлар сулоласи Уструшона вилоятидаги суғдийлардан келиб чиққан ҳисобланиб, Ғарб тарихшунослигида форсий сифатида талқин қилинади[2][4][5].

Тарихи

Ташкил топиши

Араб қўшинининг кўплаб машҳур саркардалари, жумладан, ал-Афшин Ҳайдар ибн Ковус ушбу уруғга мансуб. Умавийлар, кейинроқ Аббосийларнинг Византия империясига қарши тўхтовсиз урушлари чегарани мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Осиёдан Озарбайжонга ва Шимолий Анадолуга кўплаб турк қабилаларини кўчиришга мажбур қилади. Натижада туркий жангчилар Аббосийлар қўшинининг асосий негизига айланди. Сожийлар сулоласи асосчиси Абу Сож Девдод аббосийлар қўшинининг энг тажрибали саркардаларидан бўлган. У ҳуррамийларга қарши олиб борилган урушда бевосита иштирок этиб Мадоин ва Воситдаги исёнларни бостирган, кейинроқ Аҳвоз ва Куфага ноиб бўлганди. Кўрсатган хизматлари учун Сожийларга Озарбайжон ҳокимияти берилади.

Муҳаммад ибн Сож ҳукмронлиги даври

Абу Сожнинг ўғиллари Муҳаммад ва Юсуф ҳам маҳоратли саркардалардан саналган. Сожийлар ҳукмронлиги даврида Озарбайжоннинг жанубий қисмида мустақил давлат ташкил топди. Сожийлар давлатининг ўз пули бор эди. ИХ аср охиридан Муҳаммад ибн Абу Сож номи зарб қилинган тангалар муомалага киритилган. Муҳаммад 889-йили аббосийларнинг Арманистон ва Озарбайжондаги ноиби бўлди. Орадан кўп ўтмай ўзини мустақил ҳукмдор деб эълон қилди, бироқ маълум муддат Бағдодга бўйсунишга мажбур бўлди. 901-йили ўлатдан вафот этди. Муҳаммаднинг ўғли Девдод ҳокимиятни мерос қилиб олди. У бунгача отасининг Арманистондаги ноиби эди. Лекин Девдод ўша йилиёқ амакиси Юсуф томонидан ағдарилди.

Юсуф ибн Сож ҳукмронлиги даври

Юсуф ибн Сож ҳукмронлиги даврида Сожийлар давлати янада кучайди. Унинг даврида Озарбайжон яна бироз муддат қарам бўлди. Аббосий ҳукмдор Муқтадир Юсуфга қарши катта қўшин билан борди ва уни 120 000 динор ҳажмида ўлпон тўлашга мажбур қилди. Бир неча йилдан сўнг уруш қайтадан бошланди. Юсуф 918-йили аббосийлар қўшинини енгиб Райни босиб олди. 919-йили Ардабил остоналарида янги тўқнашув юз берди. Бу сафар Юсуф мағлуб бўлиб асирга тушди ва Бағдодга олиб бориб зиндонга ташланди. Унинг ўрнига давлатни 4 йил ғуломи Собуқ бошқарди. 923-йили Муқтадир ҳар йили 500 000 динор миқдорида ўлпон тўлаш мажбуриятини юклаб Юсуфни озод қилди. Бироқ кейинги йили Юсуф мустақилликка эришди ва аббосийлардан Ҳамадонни тортиб олди. 928-йили қарматларга қарши юриш жараёнида ҳалок бўлди.

Таназзули

Тахтга жияни Абул Мусофир чиқди. Лекин 929-йили вафот этади. Баъзи маълумотларга кўра, Абул Мусофирни Ардабилда заҳарлаб ўлдиришган, бошқа маълумотларда ўзининг соқчилари исён кўтариб ўлдиргани айтилади. Тахт аввал исёнчи ғуломлар сардори Муфлиҳ Юсуфийга, 932-йили амир Дайсам ибн Иброҳимга ўтди. 957-йили Сожийлар давлати ҳудуди Дайламийлар қўшини томонидан истило қилинди[6].

Манбалар

  1. ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: „Академнашр“, 2013. 123-124-бетлар
  2. ↑ 2,0 2,1 Босwортҳ, C. Э. (1989). "Азербаижан ив. Исламиc Ҳисторй то 1941". ин Яршатер, Эҳсан. Энcйcлопæдиа Ираниcа, Волуме ИИИ: Āтаš–Байҳақī, Ẓаҳīр-ал-Дīн. Лондон анд Неw Ёрк: Роутледге & Кеган Паул. 224–231 б. ИСБН 978-0-71009-121-5. ҳттпс://ираниcаонлине.орг/артиcлес/азербаижан-ив. 
  3. ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: „Академнашр“, 2013. 123-124-бетлар
  4. ↑ Босwортҳ, Cлиффорд Эдмунд. Тҳе Неw Исламиc Дйнастиэс: А Чронологиcал анд Генеалогиcал Мануал. Неw Ёрк: Cолумбиа Университй Пресс, 1996 — 147-бет. 
  5. ↑ Минорскй, В.. Студиэс ин Cауcасиан Ҳисторй. Cамбридге Университй Пресс, 1957 — 111-бет. 
  6. ↑ Воҳидов Ш., Қодиров А. Шарқнинг машҳур сулолалари. Тошкент: „Академнашр“, 2013. 123-124-бетлар