Toji Qorayev
Тожи Қораевич Қораев (1936—2000) — адабиёцҳунос олим, филология фанлари номзоди (1966), профессор. Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти совриндори. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси а’зоси.
| Тожи Қораевич Қораев | |
|---|---|
| Таваллуди |
1936-йил 9-феврал Қизилтепа тумани Новвоён қишлоғи |
| Вафоти |
2000-йил 7-сентябр Бухоро шаҳри |
| Фуқаролиги | Ўзбекистон ССР, Ўзбекистон Республикаси |
| Касби | олим, педагог |
| Соҳаси | адабиёцҳунослик |
| Иш жойлари | Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети) |
| Таълими | Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети) |
| Илмий даражаси | филология фанлари номзоди (1966) |
| Илмий унвони | профессор |
| Тезис сарлавҳаси | „Шоир Хиромий ва унинг адабий мероси“ (номзодлик, 1966) |
| Академик раҳбарлари | академик Воҳид Абдуллаев |
| Мукофотлари | Халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти |
Таржимайи ҳоли
Тожи Қораев 1936-йил 9-февралда ҳозирги Навоий вилояти Қизилтепа тумани Новвоён қишлоғида новвой Қорабек Мақсудов оиласида туғилган. У дастлаб Абу Али ибн Сино номли, кейин Максим Горкий номли мактабда ўқиб, ўрта ма’лумот олади. 1960-йилда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети)нинг тарих-филология факултетини тугатиб[1], мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади.
Тожи Қораев 1962—1965-йиллар мобайнида ҳозирги Самарқанд давлат университетининг аспирантурасида ўқийди. 1966-йилда „Шоир Хиромий ва унинг адабий мероси“ мавзусида номзодлик диссертациясини академик Воҳид Абдуллаев раҳбарлигида муваффақиятли ҳимоя қилади. У бутун умри давомида Бухоро давлат педагогика институтида ишлаб, қарийб 20 йил деканлик вазифасини бажарган.
Тожи Қораев 2000-йил 7-сентябрда Бухоро шаҳрида вафот этди[2].
Илмий-ижодий фаолияти
Ўзбек адабиёти тарихи ва ҳозирги замон ўзбек адабиётини ўқитиш масалаларига бағишланган юзга яқин илмий мақолалари, ўнга яқин китоб ва рисолалари нашр этилган. У „Навоий ва Хиромий“ (1967), „Мавлоно Хиромий“ (1975), „Хиромий“ (1978) мақолалари, „Мавлоно Хиромий“ (1975) рисоласи ва „Хиромий“ монографиясини яратди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти томонидан яратилган беш томлик „Ўзбек адабиёти тарихи“ монументал тадқиқотининг 4-жилди учун „Хиромий“ бобини ёзди (1978).
Тожи Қораев Алишер Навоийнинг Бухорога, бухоролик ижодкорларга ва нақшбандийлик тариқатига муносабатини ойдинлаштирувчи „Навоий ва бухоролик шоирлар“ (1967), „Шоирнинг табаррук излари“ (1968), „Навоий улуғлаган шоир“ (1968), „Алишер Навоий Бухорода бўлганми?“ (1969), „Башарият ифтихори“ (1970), „Навоий асарлари луғати“ (1974) каби мақолаларни, „О жизни и творчестве Ходжа Исмата Бухари“ (1970), „Хожа Исмат Бухорий“ (1990), „Юлдузли онлар илҳоми“, „Сўнгги қатағон қурбони“ (2000), „Оташнафас шоир“, „Уйғун маҳорати“, „Уйғун поэзиясида ғоявийлик ва маҳорат“, „Замон ва адабиёт ўқитиш масалалари“, „Тахаллуслар“ (Р.Воҳидов билан ҳамкорликда; 1979) каби рисола ҳамда монографиялар муаллифидир.
Тожи Қораев Аҳмад Яссавийнинг „Ҳикматлар“ куллиёти устида олиб борган илмий изланишлари учун халқаро Аҳмад Яссавий мукофотига сазовор бўлган. Вафотидан сўнг унинг „Танланган асарлар“ (2008) китоби, олим томонидан тайёрланган Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг „Ҳикматлар куллиёти“ (2011) нашрдан чиқарилди.